Булунғур туманини жадал ва комплекс ривожлантириш дастури тасдиқланди

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўн учинчи сессияси ўтказилди. 

Сессия ишини Кенгаш раиси Ш.Негматов бошқарди. 

Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг Самарқанд вилояти маҳаллий бюджетининг 2024 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи ташқи аудит ва баҳолашдан ўтказилганлиги юзасидан палата масъул ходими Н.Икромов маълумот берди. 

Ҳисоботда 2024 йилдаги маҳаллий бюджет ижроси жараёнида йўл қўйилган хато ва камчиликлар қайд этилиб, уларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар белгилангани айтилди. Вилоятдаги давлат органлари ва ташкилотларга бюджетдан ажратилаётган маблағлардан тежамкорлик асосида мақсадли ва самарали фойдаланиш, бюджет даромадлари прогноз кўрсаткичларини барча манбалар бўйича тўлиқ таъминлаш юзасидан раҳбарларнинг масъулиятини ошириш зарурлиги таъкидланди. 

Масала бўйича вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси, солиқ ва ғазначилик бошқармалари масъулларининг ахборотлари эшитилди. 

Кун тартибига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 4 апрелдаги “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2022 йил 12 июлда қабул қилинган “2022-2026 йиллар давомида амалга оширилиши мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорлари ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар бўйича вилоят ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари З.Қаюмовнинг ҳисоботи тингланди. 

Ҳисоботда келтирилишича, вилоятда 2025 йилнинг 4 ойида умумий содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 34 тага (235/269), ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари 6 тага (77/83), тан жароҳати билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари 69 тага (173/242) ошган. 

– Ўлим билан боғлиқ ҳодисалар Ургут туманида 11 та, Жомбой, Оқдарё ва Тойлоқ туманларида 8 тадан, Паст Дарғомда 6 та қайд этилди, – деди З.Қаюмов. – Йўл-транспорт ҳодисаларининг 135 таси пиёдаларни уриб юбориш билан боғлиқ бўлгани ғоят ташвишланарлидир. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, содир этилган йўл-транспорт ҳодисаларининг 82 таси халқаро, 47 таси давлат, 99 таси маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлларида юзага келган. Ҳайдовчилар томонидан белгиланган тезликни ошириш, йўлнинг тоифаси ҳаракат жадаллигига мос эмаслиги ва ёритиш мосламалари тунги вақтда ишламаслиги, пиёдалар учун йўлаклар йўқлиги йўл-транспорт ҳодисалари келиб чиқишига асосий сабаблардан бўлган.

Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларини келиб чиқишига таъсир кўрсатган омилларни бартараф этиш бўйича вилоят автомобиль йўллари бош бошқармасига жорий йилнинг 4 ойи давомида 44 та тақдимнома киритилган. 

Йўлларда хавфсизликни таъминлаш мақсадида йил бошидан буён вилоят бўйича 1159 та янги йўл белгилари ўрнатилган ва яроқсизлари янгисига алмаштирилган, 9 та янги светофор объектларни қуриш ва мавжудлари реконструксия қилиш ишлари бажарилган. 

Мазкур масала муҳокамаси жараёнида йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда ички ишлар идоралари билан бирга жамоатчилик ҳам фаол иштирок этиши, ҳайдовчи ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилиши, маҳаллий ҳокимлик ва мутасадди идоралар томонидан йўл инфтратузилмасини яхшилаш чоралари кўрилиши лозимлиги таъкидланди. 

Шундан сўнг депутатлар ҳудудларда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатиш учун мажбурий тўлов тарифларининг янги миқдорини маъқуллаш тўғрисида қарор қабул қилдилар. 

Унга кўра, вилоятда маиший чиқинди учун бир кишига бир ойлик тўлов миқдори Самарқанд шаҳри ва Самарқанд туманида 9500 сўм, Каттақўрғон шаҳри ва бошқа туманларда 8000 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, юридик шахслар учун ҳам тўлов тариф миқдори янгиланди.

Сессияда вилоятда 2026-2028 йилларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритиладиган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди ва лойиҳалар тасдиқланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 1 апрелдаги “Республика ҳудудларини жадал комплекс ривожлантириш учун танлаб олинган туман (шаҳар)ларда амалий чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида”ги қароридан келиб чиқиб, Булунғур туманини 2025–2026 йилларда жадал ва комплекс ривожлантириш дастурини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. 

Дастурда, жумладан, тумандаги Булунғур шоҳ, Фозил Йўлдош ҳамда Мустақиллик кўчасини туну кун ишлайдиган кўчага айлантириш, Булунғур канали бўйида 25,1 гектар ер майдонида аҳоли учун замонавий дам олиш масканлари ташкил этиш, М-39 автомагистрал йўлининг тумандаги Самарқанд, Улуғбек, Каттақишлоқ, Янгиариқ, Олмазор ва Ғўбдин маҳаллалари ҳудудидан ўтувчи қисми йўл бўйида 75 та савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари очиш, туман марказидаги Гулистон ва Булунғур маҳаллаларида реновация дастури асосида 7 та 2 қаватли, 1 та 3 қаватли, 90 та якка тартибдаги турар ҳамда 17 та нотураржойлар ўрнида 1320 хонадонли 22 та замонавий, энергия тежамкор кўп қаватли уйлар қуриш кўзда тутилган. 

Сессияда қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш (2-босқич) лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган манзилли рўйхатини тасдиқлаш, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги ва бошқа масалалар кўриб чиқилиб, қарорлар қабул қилинди.