Булунғурда 316,9 миллиард сўмлик 124 та лойиҳа ишга туширилиб, 1000 га яқин иш ўрни яратилган
Бу ҳақда Булунғур туман ҳокимлиги томонидан янги лойиҳалар асосида ишга тушган корхоналар фаолияти билан танишишга бағишланган пресс-турда маълум қилинди.
Туман инвестициялар саноат ва савдо бўлими мутахассиси Аллаёр Маҳрамовнинг таъкидлашича, Инвестиция дастури доирасида ва қўшимча лойиҳалар ҳисобидан саноат соҳасида 138,5 миллиард сўмлик 488 та иш ўрнига эга 22 та, қишлоқ хўжалигида 52,1 миллиард сўмлик 54 та иш ўрнига эга 11 та, хизмат кўрсатишда 126,4 миллиард сўмлик 446 та иш ўрнига эга 91 та лойиҳа ишга туширилган.
Жумладан, туманнинг Янгиқўрғон маҳалласида ишга туширилган "AGRO FAROVON ZAMIN" МЧЖ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган бўлиб, йилига 6 минг тонна маҳсулот қайта ишланмоқда.
- Маҳсулотларимиз МДҲ давлатларига экспорт қилинмоқда, - дейди "AGRO FAROVON ZAMIN" МЧЖ иш юритувчиси Зуҳра Аҳмедова. - Корхонада 30 нафар доимий ва 100 нафардан зиёд мавсумий ишчи фаолият кўрсатади. Булғор қалампири, қизил лавлаги, қовоқ, сабзи, гулкарам каби сабзавотлар Булунғур, Тойлоқ ва Жомбой туманларидаги фермер хўжаликлари томонидан шартнома асосида олинади.
Тайёр қуритилган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти 15 дақиқа давомида иссиқ сувда намланиб, барча табиий хусусиятлар, ранги, табиий ҳиди, шакли, таъми тикланади. Қуритилган сабзавот маҳсулотини қайнатиш, қовуриш, хом ва қуруқ ҳолда истеъмол қилиш мумкин.
Ўтган йилнинг май ойида туманнинг Мингчинор маҳалласида Самарқанд шаҳридаги “Daka intex” корхонасининг филиали ишга тушган бўлиб, 6 миллиард сўмлик тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган.
- Корхонамизда 200 нафардан зиёд ишчи бор, - дейди “Daka intex” МЧЖ технологи Эрсен Бозтепе. -
Ускуналар Япония ва Жанубий Кореядан келтирилган бўлиб, йилига 2 миллион дона трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади ва Россияга экспорт қилинмоқда.
Фазлиддин Рўзибоев.