Булунғурда экобоғ ташкил этилади

Булунғур тумани экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси ташаббуси билан туман марказидаги 2,5 гектар қаровсиз ётган ер майдонида дунё стандартларига мос тарзда экобоғ ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Жорий йилнинг 20 июль куни туман ҳокимлиги, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси ва мутасадди ташкилотлар масъул ходимлари ҳамкорлигида экобоғ лойиҳаси ўрганилди.

Лойиҳага кўра, экобоғнинг ҳар иккала кириш қисмида ташаббускор тадбиркорлар томонидан 2 тадан махсус табиий дам олиш масканлари, тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари сотиш бурчаги ташкил этилади.

Шунингдек, экобоғнинг ички қисмига 1000 га яқин манзарали дарахтлар ва ўсимликлар экилади. Улар атрофида замонавий югуриш майдони, велойўлаклар барпо этилиши кўзда тутилмоқда.

Самарқанд вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати.