Булунғурдаги қўшма корхоналар қачон тўлиқ қувват билан ишлайди?

Булунғур туманида ташкил этилган пресс-тур туман қишлоқ хўжалиги бўлими мутасаддиларининг журналистларнинг шу ва шунга ўхшаш саволларига жавоб бериш билан бошланди.

- Туманимиз мева-сабзавотчиликка, боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослаштирилганлиги сабабли асосан ерларимизда мўл ҳосил етиштириш учун кўп сув талаб қилади, - дейди туман ҳокими ўринбосари А.Ризаев. – Жорий йилда сув кам бўлишига қарамасдан ҳосилдорликни оширишга ҳаракат қилдик. Тажрибали деҳқонларимизнинг маслаҳатларига амал қилган ҳолда тўқсонбости экинларни кўпайтирдик, жумладан, кам сув талаб қиладиган кўчатларни танлаб экдик. Картошка, сабзи, карам, пиёз каби сабзавотлар экилган ҳудудларга сув насосларидан фойдаландик. Натижада бу йил 4121 гектарга сабзавот, 2866 гектарга картошка, 76 гектарга полиз, 546 гектарга дуккакли ва 137 гектар мойли экинлар экилди.

Таъкидландики, жорий йилда туманнинг биргина қишлоқ хўжалиги соҳасида 2 триллион 442 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. 3675 нафар ёшга деҳқончилик қилишлари учун 918 гектар ер майдони ажратилди. Уларнинг 51 нафарига 89 миллион сўмлик уруғ ва кўчатлар олиб берилди. Ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида умумий қиймати 279,1 миллиард сўмлик 70 та лойиҳани амалга ошириш ва 579 та янги иш ўринларини яратиш режалаштирилган эди. Бироқ ўтган даврда 80 миллиард сўмлик 23 та лойиҳа ишга туширилиб, 154 та янги иш ўрни яратилган. Жумладан, "Булунғур экспорт импорт" МЧЖнинг 15,5 миллиард сўмлик озуқа ем маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси ишга туширилиб, 30 та, "Samarkand mevalari" МЧЖнинг музлаткичли омборхонасида 20 та янги иш ўринлари яратилди.

Шунингдек, тадбир давомида ОАВ вакиллари 400 нафар мавсумий, 150 нафар доимий ишчилар меҳнат қиладиган “Булунғур-Сандвик” қўшма корхонасида бўлиб у ердаги ишлар билан танишди. Корхонада булғор ширин қалампири, қизил лавлаги, сабзи, лукпари, гулкарам каби 20 турдаги сабзавотлар қуритилиб, Хитой, АҚШ, Канада, Германия, Россия каби 18 та хорижий давлатга экспорт қилинади.

- Жорий йилда 15 минг тонна турли қуритилган маҳсулотларни тайёрлаб хорижга жўнатдик, - дейди корхона бош муҳандиси Исроил Азизов. - Бироқ шу йили қурғоқчилик келгани сабабли қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нисбатан кам тайёрланди. Жумладан, ўзимизда кам етиштирилган қизил сабзини сурхондарёлик фермерлардан харид қилишга мажбур бўлдик. Агар тўлиқ қувват билан ишласак, ҳам маҳсулотимиз 40 минг тоннадан ошади, ҳам яна юзлаб ишсизларни иш билан таъминлаймиз.

Янги ташкил этилган «Метин фрукт» МЧЖ қишлоқ хўжалик маҳсулотларини музлаткичларда сақлаш билан шуғулланади. 6 минг тонна маҳсулотни сақлаш имкони бўлган мазкур корхонада ҳозирда минг тонна банан, апельсин, олма каби мевалар ва 2 минг тонна картошка сақланмоқда.

- Замонавий совутиш ускуналарига эга музлаткичларимизда фермерларимиздан харид қилган маҳсулотлар худди дарахтдан узилгандек сақланмоқда, - дейди корхона раҳбари Равшан Каримов. – Янги йил байрами арафасида нафақат туманимиз, балки вилоятимиз аҳолиси дастурхонига ҳам сархил мева ва сабзавотларни етказиш тараддудини кўряпмиз.  

Дилмурод ТЎХТАЕВ.