Булунғурдаги «Янги Ўзбекистон» массивининг қурилиш ишлари сифатли бўляптими?
Хабарингиз бор, Ургут ҳамда Булунғур туманларида «Янги Ўзбекистон» массивлари қуриляпти.
Хусусан, Булунғур туманининг Олмазор маҳалласи ҳудудидан янги массив учун қарийб 24 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, 56 та кўп қаватли уй-жой, 990 ўринли 2 та мактаб, 120 ўринли 2 та мактабгача таълим ташкилоти, маҳалла биноси, оилавий поликлиника ва спорт майдончалари қурилиши белгиланган. Хўш, бугунга қадар ҳудудда қандай ишлар амалга оширилди?
- “Янги Ўзбекистон” массивидаги кўп қаватли уйларнинг қурилиш ишлари 9 та пудратчи ташкилот томонидан олиб борилмоқда, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари Норбўта Санақулов. – Массивдаги барча уй-жойларга марказлашган ичимлик суви, иссиқлик манбаи, табиий газ, электр ва оқова тармоқлари тортилмоқда. Ҳудудда марказлашган 1 та сув иншооти ва 1,2 километр ичимлик сув тармоғи тортиш ишлари бажарилади.
Ўтган йили 308 хонадонга мўлжалланган 14 та 5 қаватли уй фойдаланишга топширилиб, ҳудудда вақтинчалик 1 дона оқова сув иншооти қурилди. Ҳозирда яна битта оқова иншоотини қуриш ишлари олиб борилмоқда ва жорий йил якунига қадар 12,5 километр оқова сув тармоғи тортилади ва ҳудуддаги барча кўп қаватли уйлар оқова таъминотига уланади.
Айни пайтда массивда 32 та 5 қаватли уйнинг қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Бу уйлар жорий йил якунига қадар фойдаланишга топширилади. 2025 йилда эса мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари, маҳалла маъмурий биноси, оилавий поликлиника ва спорт майдончаларида қурилиш ишлари тўлиқ тугатилиб, объектлар фойдаланишга топширилади.
Массивдаги уйлар аҳолига субсидия ва 20 йиллик ипотека кредити асосида берилмоқда.
- Ўтган йил ипотека кредити асосида 3 хонали уйга бошланғич тўлов қилиб, шу йил кўчиб келдик, - дейди 32-уйда яшовчи Маҳлиё Намозова. – Хоналар яхши, иссиқлик тизимига уланган, электр, газ, иссиқ ва совуқ сув бор. Ҳудудда келгуси йил янги мактаб ва боғча, спорт майдончалари ҳам қурилар экан ва бу фарзандларимиз учун айни муддао бўларди.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.