Буйрак кўчириш неча пул?
Трансплантация билан боғлиқ долзарб саволларга жавоблар
Мамлакатимизда трансплантология операциялари йўлга қўйилганига кўп бўлгани йўқ. Аммо аллақачон “фалон пулга буйрак сотаман, жигар сотаман, донор бўламан” деган эълонлар ижтимоий тармоқларда тарқала бошлади. Умуман, бугун ушбу операция қандай кечяпти? Тошкентдаги республика миқёсидаги клиникалар билан бир қаторда фақатгина Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган операция натижалари нечоғлик, унинг нархи бошқа давлатлардан кўра арзонми ёки қиммат?
Шу саволларга жавоб олиш мақсадида вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг ангиохирургия ва трансплантология бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Шерали Норқўзиев билан суҳбатлашдик.
- Қон томирлари микрохирургияси соҳасидаги 40 йиллик фаолиятим давомида кўплаб хориж мамлакатларида бўлдим, уларнинг тажрибасини ўргандим, фаолиятимизни таққосладим, - дейди Шерали Норқўзиев. - Ўша йиллардаёқ мени бир жиҳат жуда қийнарди, у ҳам бўлса айнан трансплантация масаласи. Бу операцияга мамлакатимизда қачон рухсат бериларкан, одамлар қачон қийналмай ўз юртида бу жараённи амалга ошираркан, деб ўйлардим. Сабаби, хорижда юртдошларимиз ўз ҳаётини асраб қолиш учун қанчалик машаққат чекканларини кўрганман. Бу қийинчиликлар яшаш, даволанишга кетадиган харажатлар, тил билмаслик, яқинларидан узоқда бўлиш каби кўплаб муаммолар билан чамбарчас боғлиқ эди.
Шунинг учун тиббиётга алоқадор катта йиғинларда, албатта, бу масала юзасидан ўз таклифларимизни билдирдик. Ва ниҳоят, 2017 йилдан бу борада силжиш юзага келди, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланди. 2020 йилда бир гуруҳ шифокорлар Тошкентга трансплантация соҳаси бўйича ўқишга бордик. Афсуски, коронавирус сабаб, ўқишимиз яна бир йилга чўзилди. Бу операцияни амалга ошириш учун ҳамма жараён бир вақтнинг ўзида йўлга қўйила бошланди. Яъни, врачлар малакасини ошириши баробарида операция учун лозим бўлган жиҳозлар келтирилди, ҳамшира ва бошқа тиббиёт ходимлари зарур кўникмаларга эга бўлишди. Натижада 2021 йилда Самарқанд медицинаси тарихида илк бор, айнан июнь ойида пойтахтлик шифокорлар иштирокида буйрак кўчириб ўтказиш операцияси амалга оширилди. 2022 йилда трансплантология бўйича Туркия, Россия каби давлатларда малака оширдик ва шу йили самарқандлик бир гуруҳ шифокорлар мустақил равишда ўнга яқин беморда буйрак кўчириш амалиётини муваффақиятли бажардик. Ўтган йили 80 нафар бемор буйраги кўчириб ўтказилди.
Бугунги кунда ушбу беморларнинг 50 фоизи меҳнат фаолиятини давом эттиряпти. Эътиборга олиш керак жиҳати шундаки, ушбу операцияга муҳтожлар асосан айни меҳнат ёшидаги инсонлар ҳиссасига тўғри келади.
- Операцияни бошидан ўтказган беморларнинг 50 фоизи меҳнат фаолиятини давом эттиряпти, дедингиз. Қолганлари-чи, улар ҳам тўлиқ тузалиб кетдими?
- Албатта, улар ҳам аввалгидек ҳаёт кечиришяпти. Операциядан кейин киши ўзини бир муддат авайлаб туриши керак. Улар шу сабабларга кўра ишламаяпти.
- Айтинг-чи, мамлакатимизда ушбу операцияга беморлар қанча маблағ сарфлаши керак?
- Референдум йўли билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституцияга кўра, мамлакатимиз ижтимоий давлат мақомига ҳам эга бўлди. Ижтимоий сўзи инсон саломатлигига ҳам бевосита боғлиқ. Ва ушбу операция йўлга қўйилганида унинг барча жиҳатлари эътиборга олингани ҳам шу мақомга мос келади.
Яхши биласиз, буйрак кўчириб ўтказиш жарроҳлик амалиёти бутун дунёда қиммат муолажалардан саналади. Мисол учун, Ҳиндистон, Туркияда 30-40 минг доллар, Беларусда 60 минг доллар ва бошқа давлатларда ҳам ўртача шундай нархланади. Энди тасаввур қилинг, шу пайтгача аҳоли хорижга бориб, мазкур операцияни қилдиришга тўғри келган. Мамлакатимизда ҳар бир бемор учун тиббий суғурта асосида 120 миллион сўм миқдоридаги маблағ шу операцияни амалга ошираётган клиникага ажратилади. Яъни, беморлар учун бу операция бепул.
- Бугун буйрак кўчиришга эҳтиёжманд бўлган беморлар сони тахминан бўлса ҳам маълумми? Умуман, бунга кўпроқ ким муҳтож?
- Дунё миқёсидаги статистикага эътибор берадиган бўлсак, 1 миллион инсон орасида 160 нафарида буйрак етишмовчилиги касаллиги учраши мумкин. Шу ўринда айтиб ўтишим керак, бугун вилоятимизда 500 нафар бемор дастурли гемодиализни амалга оширишади. Ҳаммамиз яхши биламиз, гемодиализ олаётган беморнинг ҳаёт сифати анча паст. Яъни, у доимий, маълум кунларда тизимли гемодиализ олиши лозим. У ҳаётий режаларини шу билан ўлчайди ва шу муолажага мослаштириш керак. Уларнинг умр давомийлигини узайтириш эса бевосита буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти билан боғлиқ. Гемодиализ олаётган бемор умри давомийлиги ўн йилгача бўлса, буйрак кўчириб ўтказишдан сўнг бу давомийлик 30-40 йилгача узайиши мумкин. Айтмоқчиманки, шу муолажани олаётган беморлар барибир буйрак кўчириш амалиётига муҳтож бўлишади.
- Буйрак кўчириш амалиёти бошлангандан бери ижтимоий тармоқларда “буйрак, жигаримни сотаман” мазмунидаги хабарлар тарқала бошлади. Баъзилари билан телеграм орқали боғланиб кўришга ҳаракат қилдим, “муҳтожликдан сотмоқчиман, олувчилар бормикан”, дея нархини фалон минг доллар, деб айтди. Ким донор бўла олади, бунинг тартиб-қоидалари қандай, шу масалага ҳам тўхталиб ўтсангиз.
- Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, беморга унинг қариндошлари, яъни тўрт авлодгача донор бўлиши мумкин. Булар ота-она, фарзанд, ака-ука, опа-сингил, тоға-амаки, жиян ва умуман, тўрт авлод узоқликдаги қариндошлар донор бўла олади. Донорлар билан шифокорлар видеомулоқот олиб бориб, бемор касаллик тарихи файлига жойланади, қолаверса, нотариусдан унинг шундай қариндошлиги хусусида ҳужжат сўралади.
Биз операцияни амалга оширган беморларда ҳеч қандай шубҳали донорлар учрамади. Асосан, биринчи авлод, яъни ота-она, ака-укалар донор бўлишди.
- Буйрагимни сотаман, деб келувчилар бўлганми?
- Ҳа, бундай ҳолатлар бўлган. Уларга қонунчиликни тушунтириб, огоҳлантирганмиз.
- Маълумотларга кўра, вафот этган кишидан ҳам ички органларини олиб, трансплантацияда қўллаш мумкин. Инсоннинг битта буйрагини олиб, унинг саломатлигига катта зиён етказишдан кўра, шу усул яхшироқ эмасми?
- Биласиз, халқимизда бирор яқини вафот этганда унинг танасига тиғ текиздиришни истамайди, буни аҳоли жуда оғриқли қабул қилади. Шунинг учун мамлакатимизда бу усулни қўллаш деярли имконсиз. Донорнинг саломатлигига зиён етказиш, деган фикрингиз мутлақо асоссиз. Сабаби, донорларнинг барчаси бу амалиётдан сўнг деярли зиён кўрмайди, илгаригидай фаол ҳаётини давом эттириши мумкин.
- Келажакда марказда трансплантациянинг яна қандай усуллари қўлланиши режалаштирилмоқда?
- Трансплантация бугунги замонавий тиббиётнинг катта бир йўналишига айланиб бормоқда. Жигар, юрак, ичак, қўйингки, барча ички ва ҳатто, яқинда оммавий ахборот воситаларида қўл трансплантацияси ҳам амалга оширилгани ҳақида хабар берилди. Бу жуда катта имконият, аҳолининг саломатлигини асраш, яшаб қолишида муҳим жараён саналади.
Марказимизда ҳам бунга шароитлар яратилиши давом этяпти. Жигар трансплантацияси учун қўшимча жиҳозлар лозим бўлгани учун бунга алоҳида тайёргарлик кўриляпти ва ушбу операция ҳам амалга оширилиши йўлга қўйилади. Қолаверса, шу йил суяк кўмигидаги ўзак ҳужайралар кўчириб ўтказиш операцияси йўлга қўйилиши белгиланган.
Бу каби операцияларни амалга ошириш учун шогирдларимни кўпайтиришга интиляпман. Ҳозир уларнинг уч нафари операцияларда иштирок этиш баробарида илмий иш қиляпти.
Мазмунли суҳбат учун раҳмат.
Гулруҳ Мўминова суҳбатлашди.
***
Ҳусан Элтоев олган суратлар.