Буюк Британия ҳукумати солиқларни кескин қисқартиришни кўриб чиқмоқда
Мамлакат ҳукумати иқтисодиётни тиклаш ва ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича кенг кўламли дастур доирасида солиқларни кескин қисқартириш ва бизнес учун инвестиция имтиёзларини жорий этишга тайёр, деб ёзади CNBC.
Янги ҳукумат таркибидаги молия вазири Кваси Квартенг парламентнинг қуйи палатасида сўзлаган нутқида мамлакатга “янги давр учун тараққиётга йўналтирилган янги ёндашув” зарурлигини билдирди. Ҳукумат ялпи ички маҳсулотнинг йилига 2,5 фоиз барқарор ўсишини таъминлашни режалаштирмоқда.
Шунингдек, у юқори миқдордаги солиқлар меҳнатга рағбатни камайтириб, инвестиция ва тадбиркорликка тўсиқ бўлишини айтиб ўтган.
Таклиф этилаётган янги чора-тадбирлар қаторида юридик шахслардан олинадиган даромад солиғини режалаштирилган 19 фоиздан 25 фоизга оширишдан воз кечиш, суғурта мукофотлари ставкасини 1,25 фоиз пунктга оширишни бекор қилиш таклифи ҳам жой олган.
Бундан ташқари, расмийлар бутун мамлакат бўйлаб резидентларига солиқ ставкалари пасайтирилган ва тартибга солувчи имтиёзлар қўлланиладиган "инвестиция зоналари" тармоғини яратиш ниятида.