Чекка ҳудуддаги нуфузли мактаб битирувчиларининг 94,5 фоизи талаба
Пахтачи туманидаги 29-мактаб жамоаси “Ўқитувчилар ва мураббийлар куни”ни юқори натижалар билан қарши оляпти. 2023-2024-ўқув йилида мактабни 19 нафар битирувчи тамомлаб, уларнинг 18 нафари давлат олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинди.
- Биргина битирувчимизнинг омади келмади, - дейди мактаб директори Ўктам Саманов. – Аслида унинг ҳам билими яхши эди. Буни тестда 116 балл тўплаганидан билса бўлади. Фақат у кириш баллари юқори бўлган нуфузли олий таълим муассасаларини танлаган эди. Унинг мақсади катта.
Мактабда 32 турдаги фан ва спорт тўгараклари фаолият олиб боради. Шунинг натижаси ўлароқ битирувчиларнинг олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичи йилдан йилга ортиб боряпти.
2021-йилда битирувчиларимизнинг 29,4 фоизи талаба бўлиш бахтига муяссар бўлганди. 2022-йилда эса бу кўрсаткич 34,7 фоизни ташкил этди. 2023-йилда мактабни тамомлаган йигит-қизларнинг 53,8 фоизи давлат олий таълим муассасаларига кирган бўлса, 2024-йилда бу кўрсаткич 94,5 фоизга етди.
Бунда тажрибали устозларнинг алоҳида ўрни бор. Мактабда 500 нафар ўқувчига 38 нафар ўқитувчи дарс бериб келяпти. Уларнинг 9 нафари олий тоифали бўлса, 7 нафари халқаро ва миллий сертификатларга эга.
- 15 йилдан бери шу мактабда рус тили фанидан дарс бераман, - дейди Наргиза Ёрқулова. – Олий тоифага ҳамда иккита халқаро сертификатга эгаман. Кейинги йилларда ўз устида ишлаган ўқитувчилар қадрланяпти. Ойлигим 12 миллион сўмдан зиёдроқ.
Бундан бир неча йил илгари ўқитувчи маоши билан рўзғор тебратиш қийин эди. Шунинг учун ҳам мактабларда эркак ўқитувчиларнинг аксарияти бу ишни ташлаб кетган.
- Янги ўқув йили бошланиши билан пахта даласига йўл олардик, - дейди мактабнинг немис тили фани ўқитувчиси Гулнора Шарипова. – Кечқурун мактабда ўтказиладиган йиғилишларда қатнашардик. Бола тарбияси, уй ишларига ҳам улгуриш керак эди. Фарзандларнинг ўқиши, кийиниши учун қўшимча даромад топиш мақсадида тун бўйи буюртма асосида бичиш-тикиш, қандолатчилик маҳсулотларини тайёрлаш билан шуғулланардим.
Улар деярли байрам нималигини билмасди. Касб байрами нишонланадиган кун – 1-октябрьда ҳам ўқитувчилар пахта даласида бўларди.
Ноябр ойининг охиригача теримчилик билан шуғулланардик. Кўклам келиши билан яна мажбурий меҳнат, ҳашарлар бошланарди. Катта йўл бўйини тозалаш, дарахт экиш, ғаллазорларга мол ораламаслиги учун тўсиқлар қилиш ва бошқа шу каби юмушларда ўқитувчилар "фаол" эди. Ўқув йили дастурлари қисқартирилиб, 3-4 ойда ўтиб бўлиниши керак эди. Бу ҳолатда ўқувчига сифатли таълим бериш мумкинми? Шукурки, барча қийинчиликлар ортда қолди.
Тўлқин СИДДИҚОВ ёзиб олдим.
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).