Ўқитувчилар ёзги таътилни қандай ўтказишади?

Айрим хорижий давлатларда янги ўқув йили олдидан ўқитувчилар имтиҳон топширишар экан. Имтиҳондан ўтолмаган ўқитувчига мактабда дарс берилмас экан. Табиийки, ўқитувчилар ёзги таътилда дам олиш билан бирга янги ўқув йилига тайёргарлик кўришади.  

Бизда юқоридаги сингари ўқитувчиларга талаб қўйилмаган. Чунки деярли ҳар йили ўтказиладиган аттестация имтиҳонлари бор. Аммо ўқитувчи ўз устида доим ишламаса, ҳар томонлама ортда қолиб кетишини тушуниб етяпти. Масалан, ўқитувчининг малака тоифаси ошса, маоши сезиларли даражада кўтарилади. Республика, халқаро фан олимпиадаларига ўқувчисини олиб чиқса, катта миқдорда бир марталик мукофот пули берилади. Чет тили ўқитувчилари миллий ва халқаро даражадаги сертификатларга эга бўлса, қўшимча устама олади. Хуллас, аввалгидек мактаб директорлари қариндош, таниш-билишларига устама пули ёзиб, билимли, тажрибали ўқитувчилар четда қолмайди.

- Янги ўқув йилига тайёргарликлар яхши, - дейди Жомбой туманидаги 48-умумий ўрта таълим мактаби она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Насиба Фахриддинова. – Бу йил 11-синфимни учирма қилдим, улардан уч нафари халқаро, уч нафари миллий сертификат олди. Ўз касбимни яхши кўраман, аммо шу пайтгача дарс жараёнида қўллаган янгиликларимни оммалаштиришга уринмабман. Масалан, адабиёт дарсида бирон бадиий асар ўтсам, ўқувчиларимга ўша асар қаҳрамонларининг сўзларини бўлиб бераман. Дарсда театрдаги сингари саҳна асари намойиш этилади. Бу усул ўқувчиларнинг адабиётга меҳрини ошириш билан бирга, асарни хотирасида яхши эслаб қолишига ёрдам беради. Она тили дарсидан ҳам ўқувчиларим диктантни “4” ва “5” баҳоларга ёзади. Шунингдек, ота-оналарнинг эътирофи ўқитувчини ўз устида ишлашга ундайди. Ота-оналар ҳозирдан бу йилги 5-синфни ўзингиз олинг, деб ҳол-жонимга қўймаяпти. Шунча одам ишонч билдириб турса, қандай қилиб янги ўқув йилига тайёргарлик кўрмайсиз, ўз устингизда ишламайсиз.

- Информатика фанидан 20 йиллик иш стажига эгаман, - дейди Самарқанд шаҳар 58-умумий ўрта таълим мактаби директори ўринбосари Дониёр Жуманов. – Ҳозирги ёшлар информатика фанига жуда қизиқади. Уларга дарс жараёнида ахборот технологиялари соҳасидаги янгиликлар, ёшлар қўлга киритаётган ютуқлар, айниқса, хорижда ушбу соҳа мутахассисларига тўланадиган маош ҳақидаги қизиқарли маълумотларни бериб бораман. Шунинг учун ўқувчилар информатика фанини севиб ўқийди. Ёзги таътилда интернетдан ушбу соҳадаги янгиликларни ўқиб боряпман. Ўқувчиларимни фанга янада қизиқтириш учун ажойиб маълумотларни тўплаяпман. Ўтган йили беш ташаббус доирасидаги республика кўрик-танловида ўқувчиларим компьютер йўналишида иккинчи ўринни қўлга киритди.

- Таътилдан қайтганимизга бугун тўрт кун бўлди, - дейди Оқдарё туманидаги 23-умумий ўрта таълим мактаби она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Шаҳло Қурбонова. - Энг аввало, синф хоналарини, ён-атрофимизни тартибга солдик. Ҳозир ҳамма ўқитувчи иш жойида ишласа ҳам мажбурий меҳнат деб ваҳима қилишяпти. Лекин иш жойингиз тоза, озода бўлса, иш унумдорлиги ошади. Ўзингиз ҳам ивирсиқ уйда ўтиролмайсиз-ку. Синф жиҳозлари, деворий газеталар, қоида ва эслатмаларни янги ўқув йилига мослаяпмиз.

Мен таътилда кўпроқ бадиий китоб ўқийман. Умуман, бадиий китоб мен учун кундалик заруриятдан бирига айланган. Ёлғон гапиришни хуш кўрмайман, ҳамма ўқувчиларим ҳам китобхон эмас. Китобга қизиқадиганлари олдимга келиб, ёқтирган китобини қаердан топиш мумкинлигини сўрашади. Таътилдан қайтгандан сўнг дарсларимизда ўқувчилар билан ўқиган китоблари ҳақида суҳбатлашамиз. Таътилда кўча-кўйда кўриб қолсам, ўқувчиларимдан китоб ўқиб турибсанми, деб сўрайман.

***

Тўғри, ўқитувчиларнинг ҳаммаси ҳам янги ўқув йилига тайёргарлик кўришга вақт тополмайди. Айниқса, қишлоқ шароитида рўзғор, томорқа ишларидан ортмайдиган ўқитувчилар бисёр. Ҳатто уларнинг баъзилари пенсияга чиққунига қадар бирор марта сиҳатгоҳларда дам олмайди. Ўз касбини севган, муваффақиятга эришган ва касби ортидан қадрланаётган ўқитувчилар тайёргарлик кўради. Баъзилар мактаб тугаганидан боши осмонда, ахир бир йиллик асаббузарликлар тинчиди, энди бироз дам олиш керак.

- Ўқитувчилар ўқув йили тугаши билан елкасидан тоғ ағдарилгандек бўлади, - дейди педагоглардан бири. – Бир ҳамкасбим “Майли, ёзги таътилда ҳар куни мактабга келишга тайёрман, фақат дарс ўтмасам бўлди, ўқувчилар таътилга кетгач, асабларим дам оляпти”, деди. Ўқитувчилик касбини ҳар ким ҳам уддалай олмайди. Масалан, мактабимизга ишга келган икки нафар академик лицей ўқитувчилари “Биз бундай шовқинга кўникмаган эканмиз”, деб кетиб қолишди. Йигирма уч йилдан бери мактабнинг шовқинига ўрганиб кетибман, менга ҳечам билинмайди. Аммо тинч жойда ишлаганлар мактабда ишлай олмайди.

Баъзан ўқитувчиларнинг машаққатли меҳнати қадрига етмаймиз. Ўқитувчи боламни ўқитмайди, деб уларни ёмонотлиқ қиламиз. Аммо ўзимиз кечқурун боламиз билан бир соат дарс қилишга асабимиз чидамайди. Дарс қилиш у ёқда турсин, ҳафтада бир марта кундалигини текширмаймиз. Мактабни битиргач, боламиз ўқишга киролмаса, яна ўқитувчидан айб излаймиз. Ваҳоланки, синфда “уч”, “тўрт”, “беш” баҳога ўқийдиган ўқувчиларга ўқитувчи бир хил дарс ўтади.

Яна бир гап. Кейинги пайтда ота-оналар имконини топса, фарзандини шаҳар мактабида ўқитишга ҳаракат қиляпти. Сабаби, шаҳарда яхши ўқитади, дейишади. Аслида бугун шаҳар мактабларида рақобат кучли, баъзи мактабларга ўқитувчилар танлов асосида саралаб олинмоқда. Хусусий мактаблар ҳам ўқитувчиларни танлов асосида ишга оляпти. Олий таълимга қамров ошаверса, яқин йилларда қишлоқ жойларида ҳам бундай рақобат пайдо бўлиши табиий. Рақобат бўлган жойда ўқитувчи ўз устида ишлашдан тўхтамайди.

Хуршида Эрназарова.