“Чўлдаги ҳаёт илдизи”ни излаб
Хабар берганимиздек, сайтимиз мухбирлари Бухоро вилояти бўйлаб хизмат сафарини давом эттирмоқда.
Тадқиқотчилар томонидан ноёб ўсимликни маданийлаштириш орқали кўпайтириш устида иш олиб бориляпти. Шифобахшлиги сабабли кўплаб давлатларда қадимдан машҳур бўлган айни ўсимлик фақат чўл зоналарида ўсар экан. Биз жараён билан танишиш учун Қизилқум чўлида бўлдик.
Бухоро илмий тажриба станцияси раҳбари Низом Қаҳҳоровнинг таъкидлашича, Цистанхе ўсимлиги фойдали хусусиятлари туфайли шарқ мамлакатлари тиббиётида қадимдан кенг фойдаланиб келинади. Узоқ йиллар мобайнида Хитой ва Японияда ўсимликнинг пояси куч-қувват берувчи восита сифатида фойдаланилган.
Осиё мамлакатлари аҳолиси бу ўсимликни “чўлдаги ҳаёт илдизи” деб атайдилар. Унинг дориворлик хусусияти женьшенникидан 5 марта кўпроқ дейилади.
Гувоҳ бўлганимиздек, Қизилқум чўлида тадқиқотчиларимиз ўсимликни турли технологиялар асосида экиб, ривожланишини ўрганмоқда. Маълумотга кўра, бу шароитда бир уруғнинг униб чиқиши учун ўртача 3-4 йил вақт талаб қилинади. Агар тажриба муваффақиятли ўтса, ҳудудда Япония мутахассислари ҳамкорлигида ўсимликни қайта ишлаш йўлга қўйилиши режалаштирилган экан. Бу доривор ўсимликни қайта ишлаб, экспорт қилиш ва энг муҳими, вилоятдаги чўл зонасидан унумли фойдаланиш имконини беради.