Чорвачилик хўжаликларига субсидия ажратилади
Президентимизнинг 2020 йил 29 январдаги “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш Республика кенгаши ташкил этилди.
Кенгаш чорвачилик соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш саноати корхоналари ҳамда чорвачилик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди.
Қарорга асосан чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва қуёнчилик бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун тижорат банкларидан ажратиладиган 20 миллиард сўмгача кредитлар бўйича фоиз ставкасининг Марказий банкининг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 8 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмига компенсация ёки кредит суммасининг 50 фоизи миқдорида кафиллик тақдим этилади.
Тадбиркорларга эквиваленти 20 миллиард сўмдан ошмайдиган хорижий валютадаги кредитлар учун тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 40 фоизигача, лекин 4 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация тақдим этилади.
Шунингдек, 2020-2022 йилларда давлат томонидан чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларга, республикада фаолият юритаётган наслчилик хўжаликларидан сотиб олинган ҳар бир бош қорамолга 1 миллион сўм миқдорида, хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 2 миллион сўм, наслдор қўй ва эчкининг ҳар бир бошига 400 минг сўм миқдорида субсидия ажратилади.
“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига аъзо бўлган интенсив усулда балиқ етиштирувчи хўжаликларга интенсив усулда етиштирилган бир тонна балиқ маҳсулоти учун 1 миллион сўм миқдорида, Ўзбекистон ҳудудига импорт қилинган 1 дона наслдор она балиқнинг 3,5 миллион сўмгача бўлган харажатларининг 50 фоизи миқдорида, “Паррандасаноат” уюшмасига аъзо бўлган паррандачилик хўжаликларига ҳар бир бош 1 кунлик наслдор жўжани импорт қилиш билан боғлиқ харажатларнинг 9 минг сўмини қоплаш учун субсидиялар ажратилади.
2020-2022 йилларда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларда ташкил этилган қишлоқ хўжалиги бирлашмаларини маҳсулотларнинг сифатини таҳлил ва назорат қилиш бўйича халқаро стандартларга жавоб берувчи замонавий лабораториялар билан жиҳозланади. Қишлоқ хўжалиги бирлашмаларини малакали менежер, маркетолог, агроном, иқтисодчи ва бошқа керакли мутахассислар билан таъминлаш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотлар маблағлари жалб этилади.