Чорвадорларга субсидия берилади

Президентимизнинг 2019 йил 18 мартда “Чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, озуқабоп экинлар етиштирувчиларга мазкур ер участкаларида суғориш тик қудуқларини бурғулашга ҳар бир метр чуқурлиги учун 100 минг сўмдан субсидия берилади. Жорий йилги субсидия харажатлари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағларидан фермер, деҳқон хўжаликлари  ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали берилади. 2020 йилдан эса давлат бюджети ва халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорларнинг кредит (қарз)лари ва грантлари ҳисобидан амалга оширилади.    

Фуқароларга озуқабоп экинлар етиштириш учун ҳар бир шартли бош чорва мол учун 0,5 гектардан туман ҳокимликлари захирасидаги лалми ва яйлов ерларни 2 йил муддатда даромад манбаига айлантириш шарти билан доимий ёки узоқ муддатли ижарага берилади. Фуқароларга лалми ва яйлов майдонларида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш ҳамда наслли чорва моллари сотиб олиш учун “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида имтиёзли кредитлар ажратилади.

Озуқабоп экинлар етиштирувчилар томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимлари ва уларнинг бутловчи қисмларини олиб кирилишида 2022 йил 1 январгача божхона тўловлари тўлашдан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштирувидан ташқари) озод этилди.

“OʻZNASLCHILIK” давлат корхонаси томонидан эксперимент тариқасида 2019 йилда Қашқадарё, Тошкент ва Хоразм вилоятларидаги барча тоифа хўжаликларда наслчилик, шу жумладан, сунъий уруғлантириш ва сервис хизматлари кўрсатиш ташкил этилди. 

Асаларичилар асалари оилаларини “вақтинча олиб чиқиш” божхона режимида қўшни мамлакатларга баҳор-ёз мавсумида кўчириб чиқаришга рухсат берилди ва йиғиб олган табиий асални мамлакатга олиб киришда божхона тўловларини тўлашдан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этилди. Бунда имтиёз битта асалари оиласи бўйича олиб кирилаётган табиий асалнинг 50 килограммдан ошмаган қисмига нисбатан қўлланилади.

Шунингдек, қарорга асосан 2019 йил 1 апрелдан бошлаб бир кунлик жўжани экспорт қилишга рухсат этилди.