“Чой фестивали”дан чойдек қайноқ таассуротлар

Тасаввур қилинг: кенг майдондасиз. Майдон бўйлаб ҳар хил давлатларнинг кўргазмалари – миллий либослари, уй-рўзғор анжомлари, ҳаттоки, китоблари ҳам бор.

Худди бутун дунёдаги миллатлардан биттадан вакиллар шу майдонга йиғилгандек. Гуллар билан безатилган саҳна. Сал узоқроқдан оркестр томонидан чалинаётган тантанавор мусиқа тобора сиз томон яқинлашиб келмоқда. Турли миллат ва элатларнинг миллий либосларини кийган қизлар эса сизга чой узатмоқда…

Агар айни дамда димоғингизга ўша қизлар узатган чой иси урилган бўлса, ҳеч ҳам ажабланманг. Сиз “Чой фестивали”дасиз! Ҳар йили анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Чой фестивали” ана шундай ажиб ҳисларга, унутилмас онларга бой тарзда ташкил этилади.

“Ёшлар ойлиги” доирасидаги “Чой фестивали” ҳар ўқув йили охирида, Самарқанд шаҳридаги Конфуций майдонида ташкил этилади. Бу кунда фестиваль ташкилотчиси ҳисобланмиш Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети жамоаси бир неча юзлаб маҳаллий ва хорижий меҳмонларни мамнуният билан кутиб олади. Ўзларининг миллий либосларида кийинган ёшларни кўрган хорижий меҳмонларнинг кўзида ўзгача завқ, бетакрор таассуротлар гавдаланади.

Бу галги фестивалда ҳам худди шундай бўлди. Кўркам университет хиёбони, ҳашаматли Конфуций майдони “Чой фестивали”да иштирок этиш ва уни кузатиш учун келган меҳмонлар билан тўлди.

Тадбирни очиб бериш учун сўз олган Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Хуршид Очилов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев ҳамда фестивалга мезбонлик қилган Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов Ўзбекистон ёшлар юрти эканлигини таъкидлаб, барчани байрам билан муборак этди. Бир пиёла чой устида қадрдонлар билан дийдорлашганликларидан мамнун эканликларини билдиришди.

-  Бу каби фестиваллар талаба ва ўқитувчини бир мақсадда бирлаштиради, - дейди СамДУ ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор Шаҳзода Негматова. – Миллий ва умуминсоний қадриятларни ўзида ифодоловчи фестивалда ўнга яқин давлатларнинг қадриятларини ҳам кўрсатишга ҳаракат қилдик. Шу билан бирга ойлик доирасида талабалар ўртасида ўтказилган танлов ва мусобақа ғолиблари ҳамда университетга бириктирилган маҳалла ёшлари ҳам тақдирланди. Бу тадбир битирувчи талабаларни кузатиш маросими ҳам бўлди.

Фестивалда қўшни “Навоий кон-металлургия комбинати" АЖнинг Жанубий кон бошқармаси ижодкор ёшлари ҳам иштирок этиб, кўргазмалардан баҳраманд бўлишди, чойлардан татиб кўришди. Икки қўшни вилоят ёшлари келгусида ҳам учрашувлар ташкил этиб, ижодий суҳбат қилишга келишиб олишди.

- Бундай фестивалларни ташкил этишдан мақсад, талаба-ёшларни турли миллат, элатларнинг қадрият ва анъаналарига ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда фестиваль баҳонасида кўнгилочар байрам-дастури ташкил этиш, - дейди университет ёшлар етакчиси Аллаёр Норбоев. – “Ёшлар ойлиги” доирасида ўтказиладиган қатор тадбир ва лойиҳаларни “Чой фестивали”сиз тасаввур қилиш қийин. Анъанавий равишда ўтказиб келинаётган бу фестивалга ташриф буюрган барча меҳмонлар нигоҳида байрам шукуҳи акс этганини кўриш мумкин. Ёшларимиз нафақат ўзимизнинг миллий либосларда, балки рус, инглиз, хитой, япон, корейс, ҳинд, испан, итальян либосларида кўриниш бериб, уларнинг қадрият ва анъаналаридан бир шингилини намойиш этдилар. Қолаверса, бу кун Самарқанд давлат университети битирувчилари учун ҳаяжонли кундир. Сабаби, бу кунда 4 йиллик талабалик даврида ўқув, маънавий-маърифий ва жамоат ишларида фаол бўлган билимли, ташаббускор талабалар ҳамда уларнинг ота-оналари эътироф этилди.

Вилоятнинг хушовоз хонандалари томонидан куйланган қўшиқлар фестивалга янада кўтаринки руҳ бағишлади.

Фестиваль доирасида “Юрагимда акс этган Ватан” расмлар танловида иштирок этган талаба-ёшлар жараённи жонли кузатиш баробарида байрамнинг кўтаринки кайфиятини ўзларининг ижод намуналарида акс эттиришди. Йиғилганларда “Чой фестивали”дан чойдек қайноқ таассуротлар қолди.

Гулнора Тўхтаева,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими ҳузуридаги “Маҳорат мактаби” битирувчиси.