Соғлом ижодкор соғлом фикр юритади
Вилоят Матбуот уйида вилоят эндокринология диспансери мутахассислари иштирокида “Ноябрь – қандли диабет ойлиги” якунларига бағишланган тадбир ўтказилди.
Вилоят эндокринология диспансери поликлиникасининг эндокринолог врачи Юлдуз Абдурозиқованинг таъкидлашича, бугунги кунда дунё бўйича 1,9 миллиард киши ортиқча вазн муаммосига дучор бўлган, 450 миллион нафарга яқин киши қандли диабет касаллигига чалинган.
Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистоннинг 46 фоиз аҳолисида ҳам ортиқча вазн билан боғлиқ муаммо бор. Уларнинг 18 фоизи семизлик, 8,7 фоизи эса қандли диабет билан касалланган. Самарқанд вилоятида қандли диабет билан 42 минг 300 нафар бемор диспансер назоратига олинган бўлиб, улардан 509 нафарини болалар ташкил этади.
Вилоятда 2024 йилнинг ўтган ойлари давомида 793 минг 41 нафар 40 ёшдан ошган хавф гуруҳидаги аҳоли ўртасида скрининг ўтказилган. Шундан 14 минг 932 нафарида предиабет, 31 минг 417 нафарида семизлик, 3 минг 679 нафарида қандли диабет касалликлари эрта аниқланиб, уларга керакли тавсиялар берилган. Ойлик доирасида академик Ё.Тўрақулов номидаги республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали ходимлари томонидан вилоятнинг барча туманларида, Меҳрибонлик уйи, Самарқанд шаҳар ҳарбийлар шаҳарчасида тиббий кўриклар ташкил этилган.
Тадбир доирасида журналист ва блогерлар диспансер мутахассислари томонидан қандли диабет, ЭКГ, УЗИ, окулист, кардиолог ва невропатолог текширувларидан ўтказилди.
- Ижодкор ижод билан банд бўлганда саломатлигини текширтиришга ҳам вақт тополмайди, - дейди фахрий журналист Бахтиёр Жумаев. – Бугунги ташкил этилган тадбир барчамиз учун айни муддао бўлди. Асосийси, тажрибали шифокор мутахассисларнинг тиббий текширув давомидаги маслаҳати ўз саломатлигимиз тўғрисида қайғуришимиз зарур эканига ундади.
Ҳусан Элтоев.