Данияда коронавирус билан касалланган қоракузанлар тириклайин ёқиб юборилди

Бу ҳақда РЕН ТВ хабар бермоқда.

Аниқланишича, ҳукумат қоракузан (норка)ларни йўқ қилишга буйруқ берган ва ўлдиришни ғайриинсоний тарзда амалга оширган - газ камераларидан омон қолган қоракузанлар тириклайин ёқиб юборилган.

Маълумки, ҳайвонларни йўқ қилиш ҳақидаги буйруқ бош вазир Метте Фредериксен томонидан берилган бўлиб, Даниянинг адвокат ва аксарият сиёсатчилари бу қарорнинг ноқонунийлигини таъкидлашмоқда. Ушбу ҳолатга қарши суд жараёни бошланади.

Аввалроқ Даниянинг озиқ-овқат ва балиқчилик бўйича премьер-министри Могенс Енсен мутацияланган коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида қабул қилинган қоракузанларни қириб ташлаш тўғрисидаги қарорнинг хатолигини тан олган эди. Шунингдек, мамлакат бош вазири Метте Фредериксен ҳам ҳукуматнинг қоракузанларни шафқатсизларча йўқ қилиш тўғрисидаги ноқонуний қароридан афсусда эканлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 5 ноябрь куни Данияда мутацияга учраган коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида мўйна ишлаб чиқарувчи фермер хўжаликларидаги барча қоракузанларни ўлдириш ҳақида қарор қабул қилинган. Ушбу ҳайвонларда одамларга юқадиган ва антителлар ҳосил қилишни заифлаштирувчи инфекция аниқланган эди. Қоракузанларнинг янги SARS-CoV-2 коронавирусига чалиниши Даниядан ташқари яна 5 та мамлакат - Голландия, Испания, Швеция, Италия ва АҚШда содир бўлган.