Дарахт илдизидан буюм тайёрлаётган ҳунарманд карантин даврида ҳам даромад топмоқда

Тойлоқ туманининг Ўзбекистон маҳалласи, Сарой қишлоғида яшовчи ҳунарманд Шариф Файзиев қўл меҳнати орқали дарахт илдизидан санъат асари яратмоқда. Иш бошлаганига ҳали кўп бўлмаган қўлигул йигит ясаётган маҳсулотларга харидорлар бефарқ эмас.

Муҳими, у шу ҳунари туфайли карантин даврида ишсиз қолмади. Уйидаги кичик устахонасида турли буюмлар ясади.

– Бу ҳунарни ўрганиб хато қилмадим, – дейди Ш.Файзиев. – Аҳоли талабидан келиб чиқиб, илдизлардан стол, стул, гул туваклари, ошхона жиҳозлари, жавонлар, шунингдек, кафе ва ресторанлар учун кўчма ёғоч деворлар ясаяпман. Карантин тугагач, туман марказидан ер олиб, банк кредити асосида устахона очмоқчиман. Бу орқали 5-6 нафар тенгдошимни ишли қиламан.

Шариф яқинда ўз маҳсулотларини интернетга жойлади. Натижада нафақат бошқа туманлардан, балки Навоий, Тошкент, Хоразм вилоятларидан ҳам буюртмалар тушди.

Ҳунарманд карантин давомида дарахт илдизидан ташқари дарахт шохлари ва тахта қипиғидан ўзига хос буюмлар ясашни ҳам ўзлаштирди. Айни пайтда миллий ва европача усулдаги маҳсулотларининг тури ўттиздан ошди. 100 минг сўмдан 3-3,5 миллион сўмгача сотаётган маҳсулотларидан тушган даромад эвазига ёш ҳунарманд янада кўпроқ маҳсулот тайёрлашни режалаштирган.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.