Дарслар коронавирус хавфи пасайгандан кейин бошланади
- Карантин даврида магистратура ва бакалавриат йўналишида ўқийдиган талабаларига стипендия тўланадими?
Абдуқаҳҳор ЧЎЛИЕВ.
- Албатта, карантин даврида талабаларга стипендия берилади. Фақат тўлов тури ўзгариши мумкин. Бунда талабанинг розилиги асосида стипендия нақд пул тарзида эмас, пластик картага тушириб берилади.
***
- Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг барчаси меҳнат таътилига чиқариладими?
Р.АҲМЕДОВА.
- Олий таълим муассасаларининг баъзи профессор-ўқитувчилари меҳнат таътилига чиқарилади. Қолган ўқитувчиларнинг меҳнат фаолияти масофадан туриб онлайн ташкил этилади.
***
- Контракт пулини тўлашга улгурмаган талабаларга қўшимча муддат бериладими?
Шодиёр ЭШҚОБИЛОВ.
- 2019-2020 ўқув йилида 1-курсга қабул қилинган талабаларга контракт пулини тўлаш 1 сентябргача белгиланган эди. Кейинчалик давлат қабул комиссиясининг қарори билан 2019 йилнинг 31 декабригача узайтириб берилди. Яқинда бу муддат 2020 йилнинг 20 марти этиб белгиланди.
Талабаларнинг контракт пулларини тўлаш муддатини узайтириш олий таълим муассасалари ректорларига боғлиқ. Карантин тугаганидан сўнг, олий таълим муассасалари раҳбариятига тавсиялар берилади. Улар контрактларни узайтириш бўйича тегишли қарорлар қабул қилади.
***
- Сиртқи таълим турида ўқийдиган талабаларнинг ўқиши бошланса, уларнинг ўқув-машғулотлари тўхтатиладими?
Шоҳиста НАСИМОВА.
- Таътил барча ўқув турига тегишли. Карантин даврида сиртқи таълимда таҳсил оладиган талабаларнинг ҳам ўқиши тўхтатилади. Сиртқи таълим учун етарли электрон ресурслар мавжуд.
***
- Талабаларга ўқиш қачондан бошланади? Карантин сабабли берилган таътил туфайли ёзги таътил муддати қисқарадими?
Мамаражаб МАМАДАЛИЕВ.
- Коронавирус хавфи пасайгандан кейин дарслар бошланади. Бу ҳақда оммавий ахборот воситалари орқали барчага етказилади.
Карантин сабаб ёзги таътил муддатининг қисқариши табиий. Унинг муддати ушбу таътилнинг қанча вақт давом этишига боғлиқ.
Саволларга Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой БЕГИМҚУЛОВ жавоб берди.
***
Ўқувчилар таълим-тарбияси назоратда
- Карантин туфайли ўқувчиларга узайтирилган таътил эълон қилиниши муносабати билан Халқ таълими вазирлиги ўқувчиларнинг олган билимларини такрорлаш, учинчи чоракнинг қолган даври мобайнида ўзлаштириши лозим бўлган дарс соатлари мавзулари бўйича топшириқлар белгилади. Бу борада вилоятимизда қандай ишлар олиб бориляпти?
А.ҚОДИРОВ,
Самарқанд шаҳри.
- Бу борада аввало, вилоят халқ таълими бошқармаси методистлари томонидан барча фанлардан бир ҳафталик дарс соатлари бўйича бошланғич таълим, аниқ, табиий ва ижтимоий гуманитар фанларга доир жами 79 та намунали дарс ишланмалари туман ва шаҳар халқ таълими бўлимлари методистларига ижтимоий тармоқлар орқали ўқитувчиларга етказилди. Телеграмда ҳар бир фан бўйича гуруҳлар ташкил этилган ва уларга йўналиши бўйича барча методист ҳамда ўқитувчилар аъзо. Худди шундай мактаб ўқитувчилари, синф раҳбарлари томонидан телеграм ижтимоий тармоғида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирокида тузилган гуруҳларга барча фанлардан мавзуларга доир топшириқлар, бундан ташқари, ўқувчининг мустақил ўз устида ишлаши учун қизиқарли машқлар бериб борилмоқда.
Жорий йил 30 мартдан бошлаб, тўртинчи чорак доирасида Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда тасвирга олинган видеодарслар эфирга узатилади. Ушбу видеодарслар “Ёшлар”, “Оилавий”, “Маданият ва маърифат”, “Дунё бўйлаб” каби телеканаллар орқали намойиш этилади.
Саидаҳмад УСМОНОВ,
вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи.