Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Дарслар онлайн, мактаб ўқувчилари қаерда?

Сентябрь ойидан янги ўқув йили бошланди. Ўқувчилар ота-оналари ёрдамида улар билан маслаҳатлашиб онлайн ёки анъанавий тарзида таълим олишни давом эттирмоқда. Аммо кўчага чиқсангиз автобусларда кондукторлик қилаётган мактаб ўқувчиларига кўзимиз тушади. Соатга қарасам айни онлайн дарслар вақти,  бу бола қачон дарсни кузатади, қачон бажариб устозига интернет орқали юбораркин? Ахир бу бола эрталабдан то қоронғу тушгунча автобусда бўлса. Шу саволларга жавобни ўзидан билиш учун болакайни суҳбатга тортдим.

- Мактаб ўқувчиси бўлсанг, иш оғир эмасми?

- Йўқ, осон-ку.

Бола  кўринишидан 5 - 6 синф ўқувчисига ўхшарди.

- Мактабда ўқишинг нима бўлди?

- Қўйсангиз-чи шу мактабни, - деб қўлини силтаб қўйди. - Уйга вазифани бажарганим йўқ,  қизиқмадим ҳам.

Афсуски, мактаб ёшидаги болалар фақат автобусларда эмас, бошқа жойларда ҳам ишлаётганини кузатиш мумкин. Бозорлар, сартарошхона, яна бошқа турли хизмат кўрсатиш объектларида дарслар қолиб, пул ишлаётган болаларни учратасиз.

Сартарошхонада ишлаётган шундай болалардан бирини суҳбатга чорладим.

- Мактабга боряпсанми?

- Йўқ,  онлайн ўқияпман.

- Ишда бўлсанг,  ҳозир дарсларинг эфирга узатилмоқда. Қандай ўқияпсан?

- Дарсни кўрмаяпман, вақтим йўқ, куни бўйи ишдаман.

- Уйга вазифа бажармаяпсанми?

- Уйга вазифани бажаришга улгурмаяпман, уйга ишдан чарчаб бораман,  ухлаб қоламан.

- Ҳали ёшсан, ҳатто 10-синф ҳам эмассан. Нима қиласан ишлаб ёки оилангиз қийналиб қолганми?

- Пулга муҳтожлигим йўқ. Уйда бекор ўтирмаслик учун ишлаяпман.

- Муаллиминг уйга вазифа сўрамайдими?

- Сўрайди. Wi Fi ишламаяпти, свет йўқ деб алдайман ёки дарсларни бажардим дафтаримни тополмаяпман,  топсам юбораман деб айтаман. Олдин синфда аълочи бўлганим учун устозим гапимга ишонади.

Бу бола аълочи ўқувчилардан экан. Қизик, уларки дарсга шундай муносабатда бўлса, бошқалардан нима кутиш мумкин? Қолаверса, унинг мактабга, устозга муносабатини кўриб ҳайратингиз ошади.

Муниса  ШАМСИЕВА.