Дарёлар ҳамкорликда муҳофаза қилинади
Самарқанд шаҳрида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг “Марказий Осиёда иқлим билан боғлиқ хавф-хатарларни бошқариш” минтақавий лойиҳаси доираси Зарафшон дарёси ҳавзасида иқлим хавф-хатарларини баҳолаш бўйича семинар бошланди.
Унда Ўзбекистон ва Тожикистон давлатларининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сув ресурсларини бошқариш, фавқулодда вазиятлар ва гидрометеорология хизматлари мутахассислари иштирок этмоқда.
— Ўрта Осиё давлатларида сув муаммосининг пайдо бўлиши нафақат минтақа, балки глобал муаммо ҳисобланади, - дейди вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бўлим бошлиғи Тўрахон Ҳошимов. – Ҳудудда экотизимнинг бузилиши, чўлланиш ҳам экологик, ҳам иқтисодий хавфларни келтириб чиқармоқда. Шу боис бугун айни муаммога, хусусан, Зарафшон дарёсига салбий таъсир қилаётган омилларни аниқлаб, бартараф этиш масаласига халқаро мутахассисларнинг эътибори қаратилган. Семинарда ўтган вақтда ўтказилган тадқиқотлар натижалари муҳокама қилиниб, тегишли хулосалар чиқарилади. Бу маълумотлар шу йили Бирлашган Араб Амирликларида қабул қилиниши кутилаётган Самарқанд декларациясига киритилиши кўзда тутилган.
Семинарда Ўзбекистон ва Тожикистонда ўтказилган дастлабки тадқиқот натижалари таҳлил қилинмоқда. Бу Марказий Осиёдаги бешта кичик дарё ҳавзалари бўйича олиб борилаётган кенгроқ тадқиқотнинг бир қисми бўлиб, унда ҳар бир дарёга иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини юмшатиш чоралари таклиф қилинади ва амалиётга тадбиқ қилинади.
Семинар икки кун давом этади.