Дастур ижроси нега пайсалга солинмоқда?

Вилоят ҳокимлигида видеоселектор тарзида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастури ижроси бўйича вилоятда белгиланган маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокими Э.Турдимов дастурда белгиланган ишлар номигагина олиб борилаётганлигини таъкидлаб, сув иншоотлари ва тармоқлари тортишга ҳанузгача киришилмаганлиги юзасидан масъулларга эътироз билдирди.
Вилоятда жорий йилда ичимлик суви ва оқова сув таъминоти бўйича 130,8 миллиард сўм маблағ эвазига 70 та сув иншооти ва 504,8 километр сув ва оқова сув тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш белгиланган. Шундан «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастури доирасида 39,7 миллиард сўм маблағ эвазига 35 та объектда 34 та иншоот ва 212 километр тармоқларни қуриш режалаштирилган.
Мазкур ишларни амалга ошириш учун «Ўзбеккоммуналлойиҳақурилиш» ДУК бош лойиҳачи, «Sayin suv inshootlari» МЧЖ бош пудратчи этиб белгиланган бўлиб, ҳалигача қурилиш ишлари бошлангани йўқ. Бош пудратчи ва қурувчи ташкилотлар ўртасида шартнома тузилмаган.
Шунингдек, йиғилишда лойиҳа ҳужжатлари тайёр бўлиши билан қурилиш бошланиши белгиланган бўлса-да, «Ўзбеккоммуналлойиҳақурилиш» давлат унитар корхонаси томонидан 15 та, «Омад ишонч келажак» МЧЖ томонидан 20 та объектни лойиҳалаш ишлари якунланмаган. Шу пайтгача қилинган ишлар ҳам сифатсиз бажарилган.
- Мазкур дастурлар бўйича жорий йилнинг апрель ойида буюртма олганмиз, - дейди “Ўзкоммуналлойиҳақурилиш” ДУК жанубий филиали муҳандиси Абдурасул Салоҳиддинов. – Лекин қурилиш ишларини бошлай олганимиз йўқ. Чунки иш бошлашдан олдин ҳар бир метр ҳудудни синчковлик билан ўрганиб чиқишимиз керак бўлади. Бунинг учун эса вақт зарур.
Айни пайтда сув иншоотларини қуриш бўйича буюртмачи корхонада ҳам, бош пудратчида ҳам аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Лекин аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича ҳеч қандай иш амалга оширилмаётганлиги қайд этилди.
Вилоят ҳокими ишга масъулиятсизлик билан қараган корхона ва ташкилотлар раҳбарларини жиддий огоҳлантирди.