Дастур ижроси: Янгиқўрғон янгиланди

"Обод хонадон — обод кўча — обод маҳалла" мезонларини жорий этиш асосида Оқдарё тумани Янгиқўрғон маҳалласида жорий йилнинг сентябрь ойида бошланган ишлар якунига етди.

Бу Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни олдидан маҳалла аҳли учун муносиб туҳфа бўлди. 

Шу муносабат билан ўтказилган тадбир эрта тонгдан ''Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам'' шиори остидаги юриш марафони билан бошланди. Унда 4 мингдан зиёд аҳоли ва 150 нафар ҳарбий хизматчи иштирок этди.

Шундан сўнг 10 та объект фойдаланишга топширилди. Уларнинг бири маҳалла фуқаролар йиғини биносидир.

- Шу пайтгача ижарада туриб, фаолият юритиб келардик, - дейди маҳалла раиси Улуғбек Мустафоев. – Янги бунёд этилган бино 6 та хонадан иборат бўлиб, барча зарур жиҳозлар билан таъминланди. Бунинг учун 457 миллион сўм маблағ сарфланди. Бу ерда маҳалла фаоллари учун етарлича шароит яратилди. Мингдан зиёд китоблар билан таъминланган кутубхона ҳам ташкил этилди. 

Маҳалладаги 2-умумий ўрта таълим мактаби биноси жорий таъмирдан чиқарилиб, замонавий кўринишга келтирилди. 



- Муассасамиз биноси 100 йиллик тарихга эга, - дейди мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Ҳилола Жумаева. – Шу пайтгача бинонинг иссиқлик тизими яхши бўлмаганлиги сабабли қиш кунлари совуқ синфхоналарда дарс ўтишга мажбур бўлардик. Мактабдаги жиҳозлар ҳам талабга жавоб бермасди. 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ эвазига амалга оширилган таъмирлаш ишлари натижасида барча мавжуд муаммоларга ечим топилди. Кутубхонамизга 2 мингдан зиёд бадиий адабиётлар келтирилди.

Шунингдек, ҳомийларни жалб этган ҳолда, 13 та кам таъминланган оиланинг хонадонлари таъмирланди ҳамда боқувчисини йўқотган 3 нафар фуқарога янги уй қуриб берилди. 

Маҳалла аҳолиси чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. 471 нафарига бепул дори-дармон, ногиронлиги бўлган фуқароларнинг 5 нафарига аравача, 9 нафарига протез-ортопедия воситалари берилди.

Хатлов натижасида аниқланган 151 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди. 

Маҳалла инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 272 дона янги темир-бетон устунлар, 2 та трансформатор ўрнатилди. 

Ички кўчаларнинг жами 3,8 километр қисмига асфальт ётқизилди, 7,1 километр қисми шағаллаштирилди. 600 метр узунликда пиёдалар йўлаги барпо этилди. Ҳудуддаги 4 та қабристон тўлиқ ободонлаштирилди. 

Тадбир доирасида арзонлаштирилган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Бу савдо ярмаркаси Янги йил байрамигача давом этади.

Тадбирларда ''Нуроний'' жамғармаси бошқаруви раиси Содиқжон Турдиев, республика ишчи гуруҳи аъзолари, вилоят ҳокимлиги вакиллари, туман сектор раҳбарлари иштирок этди.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Ҳусан ЭЛТОЕВ (сурат).