Давлат фуқаролик хизматчиларининг айримларига ойлик устама пуллари тўлаб берилмаган

Президентимизнинг 2018 йил 19 февралдаги “Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан 2018 йил 1 июндан бошлаб давлат органлари ва бошқа бюджет ташкилотларининг замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий қилиш ва ривожлантиришга масъул бўлган ходимларга бериладиган ҳар ойлик устама миқдори ходим лавозим маошидан 100 фоиздан кам бўлмаган миқдорда тўланиши белгилаб қўйилган. Хўш, ушбу норманинг амалдаги ижроси қандай?

Шу саволга жавоб топиш мақсадида бир қатор ваколатли ташкилотлар билан ҳамкорликда жойларда ўтказилган мониторинг натижалари айрим идора ва ташкилотлар томонидан қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлигини кўрсатди.

Жумладан, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси томонидан бошқармадаги замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий қилиш ва ривожлантиришга масъул бўлган ходимига 2019 йил давомида 5 026,1 минг сўм ва 2020 йил январь-март ойлари давомида 1 456,6 минг сўм устама тўловлари тўлаб берилмаган.

Аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали томонидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ҳудудий бошқармаси бошлиғи номига тақдимнома киритилди. Натижада ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий қилиш ва ривожлантиришга масъул бўлган ходимига 2021 йил 1 январдан бошлаб бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан лавозим маошининг 100 фоиздан кам бўлмаган ҳар ойлик устама тўловлари тўлаб берилиши тўғрисида бошқарма бошлиғининг тегишли буйруғи қабул қилиниб, масала ижобий ҳал этилди.

Бундан ташқари, Президентимизнинг 2017 йил 8 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони 8-бандига асосан Давлат бошқаруви академиясининг магистратурасида ўқишни муваффақиятли тамомлаган, давлат ҳокимияти органлари, давлат бошқаруви органлари, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг бошқарув лавозимларида ўз меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларга 5 йил мобайнида лавозим маошининг 20 фоизигача бўлган миқдорда ҳар ойлик устама тўлаб берилиши белгиланган.

Мазкур норма ижроси юзасидан ҳам Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг магистратурасини тамомлаган ва ҳозирги кунда Самарқанд вилоятидаги идора ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 8 нафар битирувчига юқорида қайд этилган ҳар ойлик устама тўловлари тўлаб берилиши аҳволини ўрганди.

Ўрганишларда айрим идораларда устама тўловлари тўланмасдан келинганлиги аниқланди. Жумладан, 8 нафар битирувчидан 2 нафаригагина белгиланган ҳар ойлик устама пул маблағлари тўлаб берилган, холос. Бироқ қолган 6 нафар битирувчига охирги ишлаб турган жойларидан ўртача ҳисобда 22 миллион сўмдан ортиқ устама пул маблағлари тўланмаган.

Юқорида қайд этилган қонунбузилишларини бартараф этиш ва тўлаб берилмаган устама тўловларини тўлатиб беришни ташкил этиш мақсадида 6 та ташкилот раҳбарлари номига тақдимномалар киритилди.

Ш.Азимов,

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилоят филиали бош инспектори.