Давлат мулкини сотиб олган харидорга маблағни 3 йилгача бўлиб тўлаш имтиёзи берилди
Президентимизнинг 2020 йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан вилоятимизда давлат активлари ислоҳ қилинадиган ва хусусийлаштириладиган 70 та объект рўйхатига киритилган.
Бундан ташқари, вилоятимиздаги 58 та бозор ва савдо комплексларидан келгусида самарали фойдаланиш белгиланди. Фармон бўйича ишлар 6 йўналишда ташкил этилади.
Республика бўйича трансформация қилиниши белгиланган 32 та йирик давлат корхоналаридан бири «Самарқандгеология» давлат унитар корхонасидир. Самарқанд шаҳридаги “2531-сонли автожамланма” ДУКда эса корпоратив бошқарув ва молиявий аудит тизими жорий этилади.
Хусусийлаштириш йўналишига вилоятимиздаги 36 та корхона киритилган. Шундан 32 та корхонанинг устав фондидаги давлат улуши йўналишларга кўра хусусийлаштирилади. Одатдаги тартибда хусусийлаштириладиган корхоналар, вилоятдаги таҳририятлар, тиббиёт корхоналари шулар жумласидандир.
Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги “Афросиёб палас” меҳмонхона мажмуи ҳам хусусийлаштирилади. Аввалги қарорларга асосан хусусийлаштирилиши белгиланган 21 та давлат объекти ва хатлов натижасида аниқланган 13 та бўш турган кўчмас мулк объектлари қамраб олиниб, хусусийлаштирилиши белгиланган.
Фармонда давлат корхоналарини аввалги тартибда “ноль” харид қийматида эмас, эндиликда 1 сўмга тенг қийматда савдога чиқариш белгиланди. Амалиётда давлат объектлари “ноль” харид қийматида инвестиция ва ижтимоий мажбурияти билан берилганда айрим харидорлар белгиланган бизнес-режасини бажаришга маблағи етиш-етмаслигидан қатъий назар танловда қатнашиб, ғолиб бўлган ҳолатлар ҳам кузатилди. Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун объектлар 1 сўмга тенг қийматда аукцион савдосига чиқарилади. Бунда харидорга инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлар ҳам юклатилади.
Фармон билан корхоналарни соғломлаштириш ҳамда хусусийлаштириш клиникаси ташкил этилди.
Давлат активларини сотиб олаётган харидорлар учун маблағни 3 йилгача бўлиб тўлаш имтиёзи берилди.
Масъулияти чекланган жамият ёки акциядорлик жамиятининг акцияларини сотиб олган харидорлар тўлаган маблағига яраша ўша корхонани бошқариш ҳамда сотиб олган акцияларига ҳисобланган дивидендлар олиш ҳуқуқи берилди. Фармонда келтирилган ва соф активи 100 миллион сўмдан ошмайдиган корхоналар баҳоланмасдан, соф активлари қийматида савдога чиқарилади. Бунда баҳолаш жараёнига сарфланадиган вақт ва маблағ тежалади.
Суҳроб Маҳмараимов,
Давлат активларини бошқариш агентлиги
Cамарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи.