“Давлат тилига ҳурматни ўзимиздан бошлашимиз керак”

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 31 йил тўлди. Ушбу давр ичида ўзбек тилининг ривожи тўғрисида қатор қонун ҳужжатлари имзоланди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида давлат тилини ривожлантириш департаменти фаолияти йўлга қўйилди. Хўш, тил бўйича маслаҳатчиларнинг вазифаси нимадан иборат? Улар бугунги кунда қандай ишларни бажаряпти? Шу ва бошқа саволлар билан вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шерали ТЕМИРОВга мурожаат қилдик.

– 2019 йил 21 октябрда Президентимиз томонидан “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон қабул қилинди. Унда давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилиши белгиланди. Шундан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 декабрда “Давлат тилини ривожлантириш департаменти тўғрисида”ги низоми ва 2020 йил 20 январда “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тасдиқланди. Ушбу ҳужжатлар асосида барча ҳокимликлар тизимида давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчи вазифаси жорий этилди. Жумладан, вилоятимиз ва туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузурида ҳам худди шундай лавозимлар жорий этилиб, унга асосан, олий маълумотли филологлар (85 фоиз) ишга қабул қилинди. Уларнинг ваколати вилоят, туман (шаҳар) ҳоким ўринбосари лавозимига тенглаштирилди. Қонун доирасида маслаҳатчилар фақат ўз вазифасини бажаради, уларга ҳеч қандай қўшимча иш юкланмайди.

Маслаҳатчиларнинг биринчи вазифаси ҳар қандай корхона, муассаса ва ташкилотнинг иш юритиш ҳужжатлари давлат тилида бўлишини назорат қилиш. Шунингдек, улар ташқи реклама, пешлавҳа ва эълонларнинг давлат тилида бўлишини таъминлайди. Бунинг учун ҳокимликлар қошида тузилган ишчи гуруҳ мунтазам равишда кўчалардаги ташқи реклама ёзувларини кузатиб боради. Агар пешлавҳа ёки эълонларда хатоликлар бўлса, улар дастлаб тадбиркорни огоҳлантиради. Тадбиркор фаолиятининг турига қараб, унга 10-15 кун муддат берилади. Кўпинча тадбиркорлар буни тўғри тушунади. Бизни шу пайтгача ҳеч ким келиб огоҳлантирмаганди, деган гапларни ҳам эшитяпмиз.

Агар белгиланган муддатгача тадбиркор хатони тузатмаса, унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 42-моддаси бўйича энг кам иш ҳақининг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима тайинланади.

Вилоятда 19 820 та ташқи ёзувлар давлат тили ҳақидаги қонун талабларига жавоб бермайди

Статистик таҳлил қилиб чиққанимизда, вилоятимизда 79 398 та ташқи ёзувлар – реклама, пешлавҳа, эълон ёки бошқа ахборот матнлари бор экан. Ундан 19 820 таси давлат тили ҳақидаги қонун талабларига жавоб бермайди. Туман ва шаҳарлар кесимида 1 сентябргача 7538 тасини тузатдик.

Бундай ҳаракатларни фақат ўзимиз бажараётганимиз йўқ. Яқинда “Миллий тикланиш” демократик партияси ташқи ёзувларимизни биргаликда ўрганайлик, деган ташаббус билан чиқди. Туманларда партия аъзолари билан биргаликда ишчи гуруҳлар ташкил этдик. Қўшработ, Иштихон, Жомбой туманларида партияларнинг сезиларли даражада ёрдами тегди.

Корхона ва ташкилот ходимлари давлат тилида иш юритиш бўйича малака оширяпти

Японияда давлат тилини сўзлашув даражасида билмаганлар давлат ташкилотига ишга қабул қилинмайди. Хитойда бошқа давлатдан кириб келадиган маҳсулотлар ёрлиғида хитойча таржимаси бўлмаса, чегарадан киритилмайди. Хитойга маҳсулот киритиш учун хорижий давлатлар аввал хитойлик мутахассисни чақиртиради ва унга маҳсулоти ҳақидаги барча ёзувларни таржима қилдиради. Хитой бундай тартиб билан ҳам тилига ҳурматни талаб қилади, ҳам фуқароларини иш билан таъминлашга ёрдамлашади.

Худди шундай бизда ҳам яқинда чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилишда давлат тилини билиш даражаси бўйича низом ишлаб чиқилди. Низомга асосан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузурида “Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази” тузилди. Айнан ушбу марказнинг вилоятларда ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди. Шу жумладан, вилоятимизда Самарқанд давлат университети билан ҳамкорликда малака ошириш ҳудудий маркази иш бошлади. Бугунги кунда вилоятимиздаги барча корхона ва ташкилот ходимлари ушбу марказда давлат тилида иш юритиш бўйича ҳам масофавий, ҳам анъанавий тарзда малака оширяпти. Ходимлар бир ой давомида малакадан ўтиб, имтиҳон топширади. Имтиҳондан ўтган корхона ва ташкилот ходимларига сертификат берилади. Сертификат 3 йилгача амал қилади.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиши учун жойлардаги мана шундай марказларда имтиҳон топширади. Имтиҳондан ўтгач, уларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилади. Бундай талаб ўзбек тилига ҳурматни оширади.

Ҳамон банк ва соғлиқни сақлаш соҳасида иш юритиш ҳужжатлари рус тилида

Давлат тилига ҳурматни ошириш учун ҳамма бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиши лозим. Бу икки ёки уч киши қиладиган иш эмас.

Ҳозирги кунда оғриқли нуқталаримиздан бири – ёзувимиз. Ёзув масаласида ҳали ҳам бир тўхтамга келолмаганимиз сабаб, аҳоли юқори, ўрта ва қуйи поғонага ажралиб қолди. Масалан, юқори поғона кекса ёшдагилар бўлиб, улар кирилл ёзувини маъқул кўради. Ўрта поғона ўрта ёшлилар бўлиб, ҳам кирилл, ҳам лотин ёзувида ёза олади. Қуйи поғона, бу ёшларимиз бўлиб, улар лотин ёзувини билади. Бизда биргина соҳа вакиллари тўлиқ лотин ёзувига ўтди. Бу – таълим соҳаси ходимлари. Лекин бошқа ташкилотлар лотин ёзувигагина ўтмади. Айниқса, банк ва соғлиқни сақлаш соҳасида иш юритиш ҳужжатлари кирилл ёзувидагина эмас, рус тилида олиб бориляпти. Масалан, ариза ўзбек тилида бўлмаган банкларимиз бор.

Айнан ҳозирги кунда вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда ишчи гуруҳи тузилган бўлиб, вилоятимиздаги 62 та корхона ва ташкилотнинг иш юритиш ҳужжатлари текширувдан ўтяпти. Лотин ёзувига тўлиқ ўтиш учун аниқ бир муддат белгиламасак, бу муаммо ўз ечимини топмайди.

Тарихий жой номларини ўзгартириб бўлмайди

Айрим жой номлари ўз тарихига эга бўлиб, улар йиллар давомида авлоддан авлодга ўтиб келмоқда. Жой номларини ўзгартириш, давлат тили қоидаларига мос номлаш керак. Бироқ, жой номларини ўзгартиришда шошма-шошарликка йўл қўйиб бўлмайди. Масалан, Пайариқ туманидаги Қўтирбулоқ қишлоғининг номи Нурбулоқ, деб ўзгартирилган. Лекин аслида у тарихий жой саналади. Бир вақтлар қишлоқда шифобахш булоқ мавжуд бўлган. Айнан шу ерда қўтир касаллигига даво топилган. Шунинг учун қишлоқнинг номи Қўтирбулоқ деб номланган. Биз жой номларини ўзгартираётганимизда масаланинг бир томони билан чекланиб қолмаслигимиз керак. Агар қишлоқнинг тарихи изоҳлаб берилганида, бундай хатоликка йўл қўйилмасди. Масалан, Омонхонага одамлар нима учун боради? Шифобахш суви учун албатта. Агар унинг номини ўзгартириб юборсак, одамлар у ерда шифобахш сув борлигини қаердан билади?

Шунинг учун топонимика билан шуғулланадиган киши тарихчи, географ ва тилшунос бўлиши керак. Чунки у жой номларининг этноним жиҳатидан келиб чиқиш тарихини, географиясини ва қандай ёзилишини билмаса, ушбу соҳада яхши мутахассис бўла олмайди.

Бизни қийнаётган иккита муаммо бор

Ҳар бир нарсага бирданига эришиш қийин. Унинг ўзига яраша машаққатлари бўлади, албатта. Бизда бугунги кунда иккита, ўта жиддий ва тўғирлаш зарур бўлган муаммо бор.

Биринчи муаммо: 1998 йил 25 декабрдаги “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида ёки реклама берувчининг хоҳишига кўра бошқа тилларда тарқатилади”, дейилган. Энг катта муаммомиз мана шунда, уни тегишли тартибда ўзгартиришимиз керак. Масалан, сиз тадбиркорсиз, реклама бермоқчисиз. Истасангиз рус, инглиз ёки француз тилида реклама беришга ҳақлисиз, чунки қонунда ёзиб қўйилган. Қонуннинг мана шу жойини дастлаб давлат тилида, зарурат бўлса бошқа тилда берилсин, деб тузатсак, бу камчилик бартараф этилади.

Иккинчи муаммо: “Давлат тили ҳақида”ги қонунимизнинг бирорта моддаси қонун билан ҳимоя қилинмаган. Масалан, давлат тили ҳақидаги қонунни бузсанг, мана шундай чора кўрилади, деган модда йўқ. Фақат Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 42-моддасида давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш келтирилган. Афсуски, ушбу моддани ҳамма ҳолатларга қўллаб бўлмайди.

Биз давлат тилига ҳурматни шакллантириш, уни ривожлантириш борасида энди иш бошладик. Олдимизда бажарилиши керак бўлган ишлар жуда кўп.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА ёзиб олди.