Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида 4895 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди

Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатилиши устидан назорат қилиш бўлими бошлиғи Сардор Давронов биз билан суҳбатда юқорида қайд этилган ҳолатлар юзасидан маълумот берди.

- Таҳлилларга кўра, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида энг кўп қонун бузилиш ҳолатлари кадастр идоралари, соғлиқни сақлаш, муҳандислик-коммуникация ташкилотлари (электр, сув, газ таъминоти ташкилотлари) томонидан йўл қўйилганлиги аниқланди.

Туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали юборилган махсус хабарлар ва 15 та идораларда масофадан туриб ўтказилган мониторинглар натижасига кўра, ваколатли идоралар томонидан 4895 та қонун бузилиши ҳолатлари, шундан 4065 та ҳолатдан давлат хизматлари кўрсатиш муддатлари бузилган. 189 та ҳолатда мурожаатлар асоссиз рад қилинган, 182 та ҳолатда тўғридан-тўғри давлат хизматлари кўрсатилган, 67 та ҳолатда ортиқча ҳужжатлар талаб қилиб олинган ва 392 та ҳолатда шу каби бошқа қонун бузилишлари содир этилганлиги аниқланган.

- Аниқланган қонун бузилиш ҳолатларининг соҳалар кесимида таҳлил қилинганда асосий қонун бузилишлари қайси давлат идоралари ҳиссасига тўғри келмоқда?

– Қонун бузилиши ҳолатлари таҳлил қилинганида:

- Самарқанд вилояти Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси ва унинг туман (шаҳар) филиаллари томонидан 1085 та;

- соғлиқни сақлаш бошқармаси ва унинг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан 803 та;

- туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари ва мактабгача таълим ташкилотлари томонидан 672 та,

- сув таъминоти корхоналари томонидан 517 та;

- газ таъминоти корхоналари томонидан 401 та,

- қурилиш бош бошқармаси ва унинг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан 328 та;

- “Ўзстандарт” агентлигининг вилоят бўлинмаси томонидан 204 та;

- туман (шаҳар) Давлат солиқ инспекциялари томонидан 192 та;

- туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан 121 та;

- Мажбурий ижро бюросининг туман (шаҳар) бўлимлари 87 та;

- электр таъминоти корхоналари томонидан 74 та;

- маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари томонидан 56 та;

- Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан 45 та;

- Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан 44 та;

- иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлимлари томонидан 42 та;

- “Ўзтелеком” АК тизимидаги ташкилотлар томонидан 31 та;

- тижорат банклари томонидан 27 та;

- Ички ишлар бўлимлари томонидан 20 та ва бошқа ташкилотлар томонидан 146 та ҳолатда қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилган.

- Мазкур қонун бузилиш ҳолатларини бартараф қилиш, келгусида такрорланишининг олдини олиш борасида Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан қандай ишлар олиб борилмоқда?

- Бошқарма томонидан аниқланган ҳолатлар бўйича ваколатли органларга 61 та кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома, 378 та огоҳнома киритилди. Шунингдек, 395 нафар айбдор раҳбар ва ходимларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилди.

Қўлланилган таъсир чоралари натижасида ваколатли органларнинг 395 нафар айбдор раҳбар ва ходимлари маъмурий жавобгарликка тортилиши, 59 нафар ходимлари интизомий жавобгарликка тортилиши (шундан 6 нафари билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди) таъминланди.

Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан бу борадаги ишлар мунтазам равишда олиб борилиши, давлат хизматлари кўрсатилишида йўл қўйилган ҳар бир қонун бузилишига сабаб бўлган ҳолатлар батафсил ўрганилиши ва айбдор шахсларга нисбатан кескин ҳуқуқий таъсир чоралари кўриб борилишини маълум қиламиз. Шунингдек, ҳар бир идора раҳбарлари ва уларнинг масъул мутахассисларини ўз вазифаларини сидқидилдан бажаришга ундаймиз.

Даврон ЖАМОЛОВ суҳбатлашди.