Давр фидойилари: Дунё билан бўйлашишга аҳд қилган тадбиркор
Ургут туманидаги “Bekmez Carpet” масъулияти чекланган жамияти директори Умаржон Ибодуллаев фаол ишбилармон, ўз касбининг сир-асрорларини пухта эгаллаган тажрибали раҳбар сифатида обрў қозонган.
Умаржон 2012 йилдан буён ушбу МЧЖда фаолият кўрсатиб келмоқда. Унинг бошқарувидаги корхонада 214 нафар ишчи томонидан 20 турдаги гилам ва тафтинг маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Корхона 2014 йилда халқаро ИСО: 9001 сифат сертификатига эга бўлган.
Шу сабабли бу ерда ишлаб чиқарилаётган гилам ва гилам маҳсулотлари ички бозорни тўлдириши баробарида қўшни давлатларга ҳам экспорт қилинмоқда. Жумладан, 2020 йилда Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Афғонистон Республикаларига 1 миллион 483 минг долларлик маҳсулот экспорт қилиниб, бунинг ортидан 915 миллион сўм соф фойда олинган.
Кейинги уч йилда 31 миллиард 35 миллион сўмлик гилам ва гилам маҳсулотлари ишлаб чиқарилган ва 3348 минг долларлик экспорт амалга оширилиб, соф фойда 4 миллиард 537 миллион сўмни ташкил қилган.
Албатта, сифат ва салмоқ ортиши учун У.Ибодуллаев халқаро сифат сертификатига эришиш билан чекланиб қолмаган. Унинг ташаббуси билан 2021 йилда Туркия Республикасининг “KYKKIMYA” ва “YAKUT HALI” фирмаларидан қиймати 800 минг долларлик 2 та замонавий гилам ишлаб чиқарадиган ҳамда ип тайёрлайдиган асбоб-ускуна олиб келинган. Бунинг ортидан корхонада 42 та янги иш ўрни яратилган. Шунингдек, йилига 6 миллиард 120 миллион сўмлик гилам маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.
Ташаббускор тадбиркор ўтган йили Бельгиянинг “VRW BVBA” фирмасидан тафтинг гилам маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган ускуна олиб келган ва 30 та янги иш ўрни яратган.
Бугунги кунда Умаржон Ибодуллаев раҳбарлигида жамоа йилига ўртача 1,6 миллион квадрат метр маҳсулот тайёрлаб, ички ва ташқи бозорлардаги мижозларга етказиб бермоқда.
Тадбиркорнинг айтишича, жорий йил якунига қадар қўшимча ишлаб чиқариш цехлари ишга туширилиши, замонавий технологиялар ва асбоб-ускуналар олиб келиш эвазига экспортбоп гилам ва гилам маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми янада оширилиб, экспорт географиясини Тожикистон, Россия давлатлари билан кенгайтирмоқчи. Яна бир муҳим томони, амалга ошириладиган ўзгаришлар сабаб 100 та янги иш ўрни яратилади.
Тадбиркор бой бўлса халққа, жамиятга нафи тегиши бор гап. Буни Умаржон Ибодуллаев фаолияти мисолида кўриш мумкин. У раҳбарлик қилаётган корхона Ўзбекистон футболини ривожлантириш жамғармаси, кўзи ожизлар жамияти каби ташкилотларга беғараз ҳомийлик ёрдамларини кўрсатиб келмоқда.