Давр фидойилари: "Мактабдаёқ даромад топаётган ўқувчилар бор"
Озода Салимова ишлайдиган мактабга кириш эшиги иккита: биридан устозлар, иккинчисидан ўқувчилар фойдаланади. Мактабга бир неча бор борганимизда бу тартиб бузилмаслигига гувоҳ бўлдик.
Эҳтимол, бу оддийгина ҳолатдир. Аммо устознинг мавқеини ошириш, унга нисбатан ҳурмат туйғусини шакллантиришда бу оддийгина усул катта натижани беради.
Каттақўрғон шаҳридаги 11-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби раҳбари Озода Салимова учун болаларнинг сифатли таълим олиши, мактабдаги адолатли муҳитдан муҳимроқ иш йўқ. Нафақат ўқитувчилар, балки ўқувчиларни ҳам энг яхши, энг юқори маррага етишга ундашдан чарчамайди, бу йўлда руҳлантиришнинг янгидан янги усулларини ўйлаб топади, амалиётга жорий этади.
Шунинг учундир, бугун ушбу мактабда бир нафар халқ ўқитувчиси, 15 нафар халқ таълими аълочиси, “Дўстлик, “Меҳнат шуҳрати” ордени совриндорлари фаолият юритади. Мактаб қатор танловларнинг республика босқичида фахрли ўринларни қўлга киритди.
Мактабда ўқувчиларни баҳолаш мезонлари, синфлараро рейтинг тахталари доимий равишда янгилаб борилади. Киришданоқ ўқувчилар дуч келадиган илк маълумот ана шулардан иборат. Бу эса ўзига хос рақобат ҳамдир. Айниқса, мактабда таълим сифатини яхшилаш баробарида ўқувчиларни касб-ҳунарга ўргатишдаги тажриба ҳам ҳавас қилгулик. Ўқувчилар ясайдиган буюмлар, тикадиган маҳсулотларнинг бозорда харидори бор ва улар бундан оз бўлса-да, даромад олишади, десак ишонаверинг.
Устоз-шогирдликни улуғлаб келган миллат сифатида Озода Салимова бошчилигида мактаб жамоаси ҳам бу қадриятларни, нафақат ўзаро ҳурмат, балки таълим-тарбияда ҳам анъаналаримизни сақлаган ҳолда замонавий билимларни улашаётгани ҳавас уйғотади, кишида.