ДБҚ раиси ўринбосари самарқандлик тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди
Коронавирус пандемияси шароитида тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали ишлаши учун шароит яратиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Иқтисодиётнинг асосий сектори бўлган тадбиркор ҳамда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари, божхона хизмати полковниги М.Салиев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Самарқанд вилоятида бўлиб, қатор корхона ва ташкилотларнинг ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди.
Хусусан, “Ургут” эркин иқтисодий зонасида фаолият олиб бораётган йирик экспортёр корхоналардан бири “SAM ELEKTRO SERVIS” Ўзбекистон ва Туркия қўшма корхонаси ташриф буюрди.
Корхона йилига 260 минг дона электрдуховка, 100 минг дона газ плита ва 100 минг дона дудбурон ишлаб чиқариш қувватига эга. Шунингдек, корхона 15 хил турда электрдуховка, 10 хил турда газ плита, 5 хил турда дудбуронлар ишлаб чиқармоқда. Корхонада 200 га яқин ходим 2 сменада 24 соат давомида узлуксиз фаолият олиб бормоқда.
Маҳсулотларнинг 40 фоизи экспортга йўналтирилмоқда. Корхона маҳсулотларини Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжон каби давлатларга экспорт қилмоқда.
Самарқанд гиламлари сифати ва ўзига хос бичими билан дунё бозорида ўзининг харидорларига эга. Ҳозирда эркин иқтисодий зонасида фаолият олиб бораётган “YEC Gilam” МЧЖ корхонаси томонидан ишлаб чиқилган гиламларга талаб юқори. Мазкур корхонанинг ишлаб чиқариш жараёни билан ишчи гуруҳ яқиндан танишар экан, бугунги кунда корхона томонидан қиймати 528,2 минг АҚШ доллар, оғирлиги 256,0 тоннага тенг бўлган гилам ва гилам маҳсулотларини МДҲ давлатларига экспорт қилмоқда.
Кун давомида Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ “Urgut Mikro Metal”, “UR Jeans”, “Grand Fayz Baraka”, “Agro Dry Fruits”, “Oxalik Oltin Bog'i Mevasi” ва “Zarafshon Tekstil” МЧЖ каби ўнлаб корхоналарда ҳам бўлди.
Ташриф мобайнида корхоналар томонидан ишлаб чиқариш жараёнида учраётган баъзи бир муаммолар юзасидан мурожаатлар билдирилди.
Жумладан, тадбиркорлик субъектлари томонидан сўралаётган мавзуларнинг аксарият қисми банк-кредит ҳамда мувофиқлик сертификатини олиш билан боғлиқ жараёнлар, дебитор қарздорликни ундириш муддатини узайтириш, хорижий ҳамкор билан савдо ҳажмларини тиклаш ва шартномалар тузишда амалий ёрдам кўрсатиш каби масалалар кўтарилди.
Юқоридаги корхона ва ташкилотлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ўрганилиб, ишлаб чиқиладиган таклифларни ДБҚга юбориш бўйича вилоят божхона бошқармаси раҳбариятига топшириқлар берилди.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.