Деҳқон хўжаликларига гаровсиз кредит миқдори 50 миллион сўмгача оширилади

Бу ҳақда Президент иштирокида бўлиб ўтаётган йиғилишда маълум қилинди. Давлат раҳбари оилавий тадбиркорликни янада рағбатлантириш мақсадида молиявий кўмак кўлами кенгайтирилишини таъкидлади. Жумладан, 2023 йилда:

- тадбиркорлар фаолиятини кенгайтириш учун кредит миқдори амалдаги 225 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача оширилади;

- деҳқон хўжаликларига гаровсиз кредит миқдори 50 миллион сўмгача оширилади (амалда 33 миллион сўм);

- аввал оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредит олиб, яхши натижа кўрсатган тадбиркорлар ушбу дастурлар доирасида яна имтиёзли кредитлар олиши мумкин бўлади (ҳозир фақат бир марта олиш мумкин);

- кредитларнинг бир қисмини пластик картага олишга рухсат берилади.

2023 йилда оилавий тадбиркорлик дастурига 12 триллион сўм берилади (2022 йилда – қарийб 10 триллион сўм). Президент яқинда имзолаган қарорга кўра, оилавий тадбиркорликка қўшимча 300 миллион доллар ажратилади.