Деҳқончилик - касбларнинг энг афзали, томорқангизда маҳсулот етиштиринг, даромад ва савоб олинг

Зироатчилик билан шуғулланиш динимизда улуғ амаллардан ҳисобланади. Чунки, деҳқонлардан ҳамма манфаат олади. Аллоҳ таоло уларни ҳамма жонзотнинг ризқига сабабчи қилиб қўйган. Шунинг учун ҳам Ислом уламолари нуқтаи назарида деҳқончилик касбларнинг ичидаги энг афзал касб ҳисобланади.

Қиёмат қойим бўлиб, жаннатилар жаннат эшиклари олдида тўпланиб, «Ким биринчи киради?», дейилганда «Деҳқонлар», деб айтилар экан.

Ҳадиси шарифларда деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланган одамларга кўплаб савоб ва ажрлар борлиги айтилган. Жумладан, Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

«Қайси бир мусулмон бирор экин экса-ю ундан ейилгани, албатта, унинг учун садақа бўлади. Ўғирлангани ҳам унинг учун садақа бўлади. Йиртқичлари егани ҳам унинг учун садақа бўлади. Қушлар егани ҳам унинг учун садақадир. Ўша экиндан бирортаси манфаат олса, албатта, унинг учун садақадир».

Бошқа бир ривоятда:

«Мусулмон киши бир экин экса-ю ўшандан инсонми, жониворми, қушми, еса, албатта, қиёмат кунигача унинг учун садақа бўлади», дейилган.

Деҳқончилик саҳобалар орасида ҳам машҳур бўлган. Уларнинг бир қанчалари деҳқончилик билан машғул бўлганлар. Масалан, ислом тарихида энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳоба Абу Ҳурайра, моҳир мерган Саъд ибн Абу Ваққос ва бошқа саҳобалар деҳқончилика ҳам уста бўлганлар, мўл ҳосил олиш йўлини яхши билганлар.

Ҳар бир киши ўз меҳнати билан касб қилиб, ризқ-рўз талаб қилиши катта фазилат ҳисобланади. «Ҳеч ким, ҳеч қачон ўз қўли (меҳнати) билан топган таомидан яхшироқ таом еган эмас» (Миқдом розияллоҳу анҳудан Имом Бухорий ривояти) дея Пайғамбар алайҳиссалом пешона тери билан топилган мол-мулк энг афзал ризқлардан эканлигига ишора қилганлар. Шунинг учун ҳам айни баҳор фасли кириб келиши билан ердан унумли фойдаланган ҳолда унга турли экинлар экиш, улардан ҳосил олиб, ўзимиз ва бошқаларнинг ризқли бўлишига ҳаракат қилишимиз бандалик бурчимиздир. Зеро, Аллоҳ таоло ерни инсоният учун буйсундириб, унда тирикчилик, деҳқончилик, боғдорчилик ва бошқа касбу кор учун восита қилиб берган.

Афсуски, мана шундай имкониятлардан истифода қилмаётган кишиларимиз ҳам  бор. Ахир, ўз томорқаларида деҳқончилик қилсалар, ҳам ҳалол ризқ, ҳам ўзларига садақа савобига эга бўлишади-ку. Бизнинг заминимиз, серунум, ҳосилдор. Унга нима қадалса, албатта униб, ўз ҳосилини беради.

Қадимда бир маддоҳ бўлган экан. Ўзининг маза-бемаза қофиялари билан барчанинг жонига тегибди. Атрофидагиларнинг бетакаллуфлигидан норози бўлган маддоҳ бир ҳафта мобайнида подшоҳга атаб қирқ байт мадҳ битибди. Алқисса, подшоҳ ҳузурига кирган маддоҳ ўз мадҳини ўқий бошлабди. У ўқиган сайин подшоҳнинг юзи тундлашиб бораверибди. «Ашъор»и яримламай туриб подшоҳ мулозимларига «Шоирнинг ҳар бир мисраси учун бир даррадан урилсин. Туманидан тўрт таноб ер ажратилиб, бундан буёнига деҳқончилик билан шуғуллансин. Ёнидаги деҳқонлардан кам ҳосил олса, зиндонбанд қилинсин», дея амр этибди.

Жазодан қўрққан маддоҳ бор меҳрини бериб, меҳнат қилибди. Натижада мўл ҳосилга эга бўлиб, дастлабки ҳосилидан саройга олиб келибди. Унинг меҳнати самарасини кўрган подшоҳ қирқ тилло билан сийлаб, «Раҳмат сизга, бободеҳқон!» дея тасаннолар айтган экан.

Қиссадан хулоса чиқариш ўзимизга боғлиқ.

Зеро, меҳнат инсонни улуғлайди, ризқнинг кенг бўлишига сабаб бўлади. Агар ана шу меҳнат ерга сингдирилса нафи бир неча карра бўлиши шубҳасиздир, иншааллоҳ.

Зайниддин Эшонқулов, Самарқанд вилояти бош имом-хатиби.