Депутат фикри: вақтинчалик чоралар билан камбағалликни енгиб бўлмайди
Камбағаллик бугун ёки кеча пайдо бўлгани йўқ. Ҳар қайси замонда, мамлакатда бўлганидек, Ўзбекистонда ҳам кам таъминланган, эҳтиёжманд аҳоли қатлами бор.
Давлатимиз раҳбари парламентга йўллаган мурожаатномасида юртимизда камбағаллик даражаси 12-15 фоиз атрофида эканини маълум қилган эди. Бу 4-5 миллион аҳоли етарли даромад манбаига эга эмаслигини, ижтимоий ҳимояга муҳтожлигини билдиради. Таҳлилларга кўра, ана шу юртдошларимизнинг бир кунлик даромади 10-15 минг сўмдан ошмас экан...
Хўш, камбағал аслида ким? Уни қайси мезонлар асосида белгилаймиз?
Бунинг учун биринчи навбатда камбағаллик тушунчаси, уни аниқлаш мезонларини белгилаш, яъни “истеъмол саватчаси” ва “яшаш минимуми” ҳақида алоҳида қонун қабул қилиниши зарурлиги кўп айтилди. Керакли қонун қабул қилинмасдан, кучга кирмасдан туриб, камбағалликни қисқартириш дастурларини самарали амалга ошириб бўлмайди. Тўғри, бунга катта маблағ, ҳаракат, вақт кетиши мумкин. Аммо қайси оила, нима учун қийин вазиятда? Кимга, қандай ёрдам кўрсатиш керак? Бу саволларга асосланган жавобни билмасдан камбағалликни қисқартириш осон бўлмайди.
Бугун камбағалликни камайтириш чоралари ишлаб чиқилди, “Темир дафтар” юритиш тизими жорий этилди. Лекин бир нарсани унутмайликки, яшаш минимуми миқдорини белгиламасдан туриб, камбағалликни қисқартиришда тўсиқларга, турли муаммоларга дуч келаверамиз. Барча саъй-ҳаракатлар вақт ўтиши билан мақсадсиз ва самарасиз бўлиб қолиш мумкин.
Парламент қуйи палатасидаги фракциямиз "Яшаш минимуми тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ва концепцияси ишлаб чиқилиб, ҳукуматга киритилди. Депутатлар, партия фаоллари ва экспертлардан иборат ишчи гуруҳи “истеъмол саватчаси” ва “яшаш минимуми”ни белгилаш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш ва таҳлил қилиш ишларини амалга оширмоқда.
Албатта, ҳозирги пандемия шароитида бу борадаги муносабатларни тартибга солишга бир қатор қийинчиликлар пайдо бўлиши аниқ. Иқтисодий томондан мураккаб бўлган бугунги вазиятда ушбу меъёрни рўёбга чиқариш осон жараён эмас. Аммо бошқа муқобил йўл йўқ. Яъни, "Яшаш минимуми тўғрисида" қонун қабул қилиш масаласини ҳар хил баҳоналар билан орқага суришдан ҳеч қандай наф чиқмайди, деб ўйлайман. Бир донишманд айтганидек, олдин қадам ташлайлик, йўлнинг ўзи пайдо бўлади.
Шербек БЎРОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.