Депутат мактабда маърифий кеча ташкил қилди

22-Ағрон сайлов округидан сайланган халқ депутатлари Нуробод туман Кенгаши депутати Холмурод Сориев томонидан ҳудуддаги 70 ва 55-умумий ўрта таълим мактабларида шоирлар, ёзувчилар, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида маънавий-маърифий учрашув ташкил қилинди.

Учрашувга таниқли шоира Жумагул Сувонова, OʻzLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши ходимлари, маҳалла фаоллари, мактаб ўқувчиларнинг ота-оналари таклиф этилди.

Маърифий тадбирда ўқувчи ёшлар феврал ойида таваллуд топган буюк мутафаккирлар Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодидан намуналар ўқишди.

Учрашувда шоира Жумагул Сувонова сўзга чиқиб мамлакатимизда кейинги йилларда китобга, адабиётга берилаётган эътибор ҳақида гапирди. Шунингдек, шоира ижодидан намуналар ўқиди.

Тадбир якунида фаол ўқувчиларга шоира Жумагул Сувонованинг шеърий тўпламлари, депутат, тарихчи Холмурод Сориевнинг ЎзФА археология институти илмий ходимлари А.Бердимуродов, С.Суюнов билан ҳаммуаллифликда яратилган “Нуробод тумани археологик ёдгорликлари” китоби ва OʻzLiDePдан сайланган депутат Асомиддин Зиятов томонидан турли бадиий китоблар тақдим этилди.

- Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномасида “Фақат маърифат инсонни камолга, жамиятни тараққиётга етаклайди” дея таъкидлаган эдилар. Маърифатли инсонни тарбиялашда эса китобнинг, китобхонликнинг ўрни беқиёсдир. Мактабларимизда қанча – қанча истеъдодлар улғаймоқда. Бу тадбирни ўтказишдан мақсад, адабиётга ошно ўқувчи ёшларни излаб топиш, уларни рағбатлантириш ва таниқ шоиру-шоиралар ўртасида устоз-шогирд алоқаларини ўрнатишга қаратилган,-дейди депутат Х.Сориев

Бахтигул Қаршиева,

OʻzLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби.