Депутат минбари: Хорижлик ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳуқуқий мақоми қонунчиликда ўз аксини топади
“Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан ушбу қонун лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган давра суҳбатлари, ишчи гуруҳи йиғилишлари ташкил этилди. Шунингдек, лойиҳа барча сиёсий партиялар фракцияларнинг йиғилишларида муҳокамаларидан ўтказилди.
Муҳокамалар давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда соҳага оид мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ томонидан келиб тушган таклиф ва мулоҳазалар инобатга олинган ҳолда қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлиси кун тартибига киритилди.
Қайд этиш лозимки, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда Испания, Буюк Британия, Туркия, Россия, Беларусь, Грузия, Озарбайжон, МДҲнинг бошқа давлатлари ҳамда қатор етакчи хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаси, шунингдек, давлатимиз қўшилган халқаро шартномаларнинг мазкур масалага оид қоидалари ўрганилди.
Қонун лойиҳаси 5 та бўлим ва 38 та моддадан иборат. Унда Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақоми асослари, юртимизда бўлиши ва сиёсий пошпана бериш тартиби, асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятлари, шу жумладан, дахлсизлик ҳуқуқи, эркинликлари ва мажбуриятлари акс этган.
Шунингдек, қонун лойиҳасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш муддатини қисқартириш ва Республикадан чиқариб юбориш тартиблари белгиланган.
Қонун лойиҳаси 1990-2000 йилларда қабул қилинган турли (асосан қонуности) қонун ҳужжатлари билан шакллантирилган ҳуқуқий асосларни унификациялаш ва чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар билан муносабатларнинг жорий шароитларига мослаштириш имконини беради.
Ушбу қонун чет эл фуқаролари, юқори малакали ва малакали мутахассислар тушунчаси ва ҳуқуқий мақомини белгилайди. Ўз навбатида, чет эл фуқаролари томонидан маъмурий ва фуқаролик-ҳуқуқий тартиб тамойиллардан ўтишнинг ҳамда меҳнат муносабатлари соҳасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилишнинг шаффоф ва очиқ тартибини ҳамда чет эл фуқароларининг давлат хизматларидан кенг фойдаланиш имконини яратади. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмини яратишга хизмат қилади.
Абдулла АСЛАНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси, Ёшлар масалалари бўйича комиссия раиси.