Депутатлар сайловчилар билан учрашди
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашига ЎзЛиДеПдан депутат Мўътабар Юлдашева ҳамда Тойлоқ туман Кенгашига сайланган депутат Насиба Мўминова шу ҳудудга қарашли Хўжақишлоқ ва Ястепа маҳалласидаги мактаб, оилавий шифокорлик пункти, мактабгача таълим муассасаларида бўлиб, улар фаолияти, аҳоли, болаларга яратилган шароитларни ўрганди.
Дастлаб депутатлар Хўжақишлоқ маҳалласи еттилиги иш фаолияти билан танишиб, фуқаролар ва тадбиркор муаммоларини тинглади. Унда Хўжақишлоқ, Сарибозор, Жумабозор, Жалолобод маҳалларида электр энергияси қуввати камлиги, шу ҳудудга алоҳида электр линияси тортиб келиш масаласини айтишди. Шунингдек, маҳалла ҳудудида енгил турдаги конструкциялар асосида маҳалла ёшлари ва нуронийлари учун маҳалла кутубхонасини ташкил этиш бўйича таклиф берди. Ушбу масалалар депутатлар томонидан мукаммал ўрганилиб, мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари чиқарилиб, назоратга олинадиган бўлди.
Депутатлар “Бир депутат 100 аёлга кўмакчи” лойиҳаси доирасида мазкур маҳаллада ташкил этилган ўқув марказида тикувчилик ва касаначиликни ўрганаётган хотин-қизлар билан суҳбатлашди. Уларга субсидия ажратиш бўйича амалий ёрдам беришларини билдирди.
Шунингдек, депутатлар “Жумабозор” оилавий шифокорлик пункти, 60-умумтаълим мактаби ва 35-сонли МТМда бўлиб, ушбу биноларнинг иситиш тизими ҳолатларини ўрганди.
Учрашувлар давомида маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда фуқароларнинг сайёр қабулини ташкил этиш, аҳоли томонидан кўтарилган муаммоларни маҳаллий ижро ҳокимияти, мутасадди ташкилотлар билан биргаликда жойида ҳал этиш чораларини кўриш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
ЎзЛиДеП вилоят Кенгаши ахборот хизмати.