Депутатлик сўрови киритилган, лекин жавоб йўқ

1. Сайлов округингизда 2020 йилда қандай лойиҳалар режалаштирилган? Улар ижросига киришилганми?

Мен вилоят Кенгаши депутатлигига сайланган округда “Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган манзилли чора-тадбирлар дастури” асосида оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган 10 нафар хотин-қиз йил охиригача янги уй-жойларига кўчиб ўтади.

Оқдарё туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2020-2022 йилларга мўлжалланган дастури доирасида 476,6 миллиард сўмлик 60 та лойиҳа бўйича 1016 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган. Бугунги кунгача 17 та лойиҳа ишга туширилиб, 155 та янги иш ўрни яратилди. Мазкур лойиҳалар доирасида 18,7 миллион доллар тўғридан тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилди.

Дастур доирасида балиқчилик йўналишида «Уна строй» масъулияти чекланган жамияти, қўйчилик ва эчкичилик йўналишида, «Тепа сўғончи» фермер хўжалиги иш бошлади. «Ҳазрат бобо» ҳамда «SAM AKMAL GOLD» масъулияти чекланган жамиятлари томонидан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш учун совуткичли сиғимлар ташкил қилинди. «Нью Пак» масъулияти чекланган жамиятида, энергетик ичимлик ҳамда мева шарбатлари, «Оқдарё ширин нон» хусусий корхонасида нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, округ ҳудудидаги «Ўзбекистон» маҳалласи паррандачиликка, «Ойтамғали» маҳалласи кичик иссиқхоналарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштирилмоқда.

2. Депутат сифатида бевосита ўзингиз сайланган сайлов округида маҳалла ёки меҳнат жамоасида қандай тадбир ўтказдингиз?

Карантин даврида қишлоқ ёшларини иш билан таъминлаш мақсадида тадбиркорлар билан ўнга яқин учрашувлар уюштирдим. Мулоқотлар чоғида 25 дан ортиқ муаммолар кўтарилди. Улардан 7 таси бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, 2 та масала жойида ҳал этилди.

Округда 556 эҳтиёжманд оилага “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати ҳамда ҳомийлар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Шунингдек, 11 оилага 1 миллион сўмдан субсидия ажратилиб, 487 та кам таъминланган оиланинг 473 нафар аъзолари мавсумий ва 14 нафари доимий ишга жойлаштирилди.

Авазали қишлоғида иқтисодий қийин шароитда яшаётган А.Эшназаров оиласига ҳомийлар томонидан бир бош қорамол берилишини ташкил қилдим. Шунингдек, округ ҳудудидаги 12 оилага ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экин экиши учун кўчат ва уруғлик олишларида ёрдамлашдим.

3.Сиз томонингиздан юборилган охирги депутатлик сўровининг мазмуни ва натижасини шарҳланг.

Янгиравот маҳалласида сайловчилар билан учрашувда, мазкур ҳудудда болалар боғчаси қуриш, Амир Темур маҳалласида новвойхона учун, шу маҳаллада яшовчи I гуруҳ ногирони М.Болтаевга пойабзал дўкони учун ер ажратиш, шунингдек, умумтаълим мактабларининг таъмирталаб эканлиги, айримларида эса ҳатто спорт зали ҳам йўқлиги ҳақида мурожаатлар бўлган эди. Мазкур масалалар юзасидан Оқдарё тумани ҳокимлигига ва вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғига депутатлик сўрови киритган эдим. Аммо орадан 4 ой ўтган бўлса-да, ҳалигача улардан жавоб олганим йўқ.

Гулзода НЕГМАТОВА,

11- Янгиқўрғон сайлов округидан Самарқанд вилоят Кенгаши депутати.