Депутатнинг қўлидан иш келадими?
Бу аксарият ҳолларда савол эмас, киноя тарзида айтилади. Бироқ бу жумла “Адолат” СДП партиясидан сайланган депутатлар учун эмас.
Чунки партиянинг парламентдаги вакиллари томонидан амалга оширилаётган ишлар кўпчиликка маълум. Уларга ҳамоҳанг тарзда маҳаллий кенгашларга партиядан сайланган депутатлар ҳам сайловчиларни қийнаётган турли масалаларда самарали иш олиб бормоқда.
Бунда маҳаллий Кенгашдаги халқ вакили “қабулимга ким келаркан”, деб кутмаслигини алоҳида таъкидлаш керак. Депутатлар жойларга чиқиб, аҳоли билан учрашувлар ташкил қилмоқда. Ўзаро мулоқотларда одамлар турли муаммоларни ўртага ташлаяпти. Депутатлар эса уларга ечим топиш йўлида амалий ишларга қўл урмоқда.
Шундай учрашувлардан бири Жомбой туманидаги 18-Оқ олтин сайлов округи аҳолиси билан ҳам ўтказилди. Унда кимдир иш топишда ёрдам сўраган бўлса, яна кимдир моддий ёрдам олиш, бошқа биров соғлиқни сақлаш масаласида мурожаат қилди.
Кўкгумбаз маҳалласида яшовчи О.Нажмиддинованинг 5 ёшли фарзанди билан боғлиқ мурожаатда ҳар дақиқа ғанимат эди. Негаки, Ш.Ризаевга туғма бош мия фалажининг гемипаритек шакли ташхиси қўйилган. Унга мунтазам парвариш ва дори-дармонлар керак. Оила эса иқтисодий жиҳатдан қийналиб қолган.
Вазиятдан келиб чиқиб депутатлар ташаббуси билан мазкур оилага ҳомийлар бириктирилди. Ҳомийликни зиммасига олган Баҳодир Пиримқулов Ш.Ризаевга зарур дори воситаларини келтириб берди. Оилага бошқа турдаги ёрдамлар ҳам кўрсатилмоқда.
Қувонарлиси, депутатлар эътибори, саховатли инсонлар кўмаги билан Шукуриллонинг соғлиғи яхши томонга ўзгариб бормоқда.
– Ўғлим вояга етиб, элга хизмат қиладиган йигит бўлсин, илоҳим, - дейди О.Нажмиддинова. – Қувонганим, сизлардек яхши инсонлар бор экан фарзандимга ўхшаб саломатлигини тиклаши учун моддий жиҳатдан қийналиб қолганларга кўмак қўлини чўзадиганлар топилади.
Комила Умарова,
“Адолат” СДП Жомбой тумани Кенгаши раиси.