Дезинфекция воситалари яратувчисининг фожиали тақдири
Сўнгги бир неча ой ичида қўлларимизни дезинфекциялаш муҳимлиги тўғрисида кўп маротаба эшитиб келяпмиз. Хўш, дезинфекция қандай пайдо бўлди ўзи? Биз уни ким ихтиро қилганини биламизми?
Игнац Филипп Семмельвейс – айнан ушбу венгриялик акушер асептика (инфекциядан сақлаш учун қўлланиладиган усул ва чоралар) асосчиси ҳисобланади. Унинг фожиали тақдири Голливуд фильмига сценарий сифатида хизмат қилиши мумкин.
Филипп Семмельвейс 1818 йилда Венгриянинг ўша пайтдаги пойтахти Буда шаҳрида германиялик муҳожир яҳудий оиласида дунёга келди. Унинг ота-онаси 8 нафар фарзандини ўқитиш учун етарли пул ишлаб топишарди. Филипп католик бошланғич мактабини тугатиб, 1835 йилда Австрия пойтахти Вена шаҳри университетига, ҳуқуқшуносликни ўрганиш мақсадида жўнаб кетади.
Бўлажак профессор ҳуқуқшуносликка отасининг маслаҳати билан ўқир, лекин бу фан уни ҳеч қачон илҳомлантирмаган эди. 1838 йилда медицина олийгоҳи талабаси ҳамроҳлигида анатомия курсида қатнашганидан сўнг, у Пешт шаҳри тиббиёт университетига ўтди.
1840 йилда Венага қайтди ва тўрт йилдан сўнг акушерлик магистри даражасини олди. Жарроҳлик амалиётлари машғулотларини Вена умумий касалхонасида ўтказарди ва тез орада туғруқ бўлимида шифокор ёрдамчиси этиб тайинланди.
Филипп икки туғруқ бўлимидан иборат шифохонанинг биринчисида ишларди ва ўз бўлимида аёлларда туғруқдан кейинги иситмали қалтироқ, болаларда эса сепсис ҳолатларини кузатди.
Семмельвейс аёллардаги туғруқдан кейинги иситма сабабларини ўрганишни бошлади ва иккала бўлим ўртасидаги тафовутларни кузатди. Вафот этган аёлларнинг жасадини ўрганиб чиқди ва бўлимлардаги ўлим кўсаткичларини батафсил қайд этиб борди.
У кўчада ёки касалхонадан келаётиб йўлда туққан, унинг бўлимига киритилмаган аёллар камдан-кам ҳолларда туғруқдан кейинги безгак касаллигига чалинганлигини аниқлади.
Касалхонадаги амалиётини шубҳа остига қўйганлиги сабабли бош шифокор Семмельвейснинг лавозимини пасайтириб қўйди. Шунга ҳам қарамай, Филипп безгак касаллигини ўрганишда давом этди.
Тез орада у ўз бўлимидаги ўликхонада ҳам шуғулланаётган талабалар аёлларга текширувдан сўнг қўллари орқали инфекция (ўлимтик заҳар)ни ўтказаётганлигига амин бўлди.
Иккинчи акушерлик бўлимида ишлаган ходимлар ўликхонада ишламасди. Шунинг учун улар ўз беморларига бу заҳарни ўтказа олмасди.
1847 йилда Семмельвейс ўз бўлимида ходимлар аёлларни текширишидан олдин қўлларини хлорид эритмаси билан ювиш талаб қиладиган қоида жорий этди ва бўлимда туғруқдан кейинги иситмадан ўлим ҳоллари даражаси 18 фоиздан 2 фоизгача камайди.
1848 йилда Венгрияда бўлиб ўтган революция сабабли Семмельвейс Венани тарк этиб, Пештга қайтиб келди.
Пештда профессор қўлларни дезинфекциялашни оммалаштиришда давом этди ва 1851 йилда маҳаллий шифохонанинг бош шифокори этиб тайинланди. Ушбу касалхонада ўлим даражаси кескин пасайди, профессорнинг ҳасадгўйлари эса ўз билимлари ва қарашларини ҳақорат сифатида қабул қилишди. Ўлар ўлим янги кондиционер тизими туфайли тушиб кетганига ишонишарди.
1857 йилда профессор Семмельвейс бадавлат савдогарнинг қизи Мария Вейнерхофферга уйланди ва тўрт йилдан сўнг у дезинфекция ва ўлимнинг олдини олиш бўйича ўз китобини нашрдан чиқарди.
Китоб нашр этилганидан кейин профессорнинг руҳий ҳолати ёмонлаша бошлади. Тиббий ҳамжамият унинг кашфиётини ва дезинфекциялаш бўйича назариялари ва кузатишлари устидан кулганлиги сабабли у қаттиқ тушкунликдан азият чекарди. 1965 йилда хотини ва ҳамкасблари Филиппни фирибгарлик йўли билан Вена шаҳридаги руҳий касалликлар шифохонасига ётқизишди.
Касалхонадан қочишга уриниб кўргач, профессорни қаттиқ калтаклашиб, унга тийдириш кўйлагини кийгизиб қўйишди. Ушбу воқеадан икки ҳафта ўтиб, у 47 ёшида калтакдан етказилган жароҳатдан, қонга ўтган заҳарланиш сабабли вафот этди.
Профессор Филипп Семмельвейснинг қатъий эътиқоди ва чексиз ақли инсониятга ўзининг соғлиғи ва ҳаётини сақлашга ёрдам берадиган дезинфекция воситасини ихтиро қилиб қолдирди.
Қўлингизни ювинг, дезинфекция воситаларидан фойдаланинг ва ўзингиз ва яқинларингиз саломатлигига бефарқ бўлманг!
Баҳора МУҲАММАДИЕВА таржимаси.