“Динамо” сафарда “Нефтчи”ни мағлуб этди

Бугун Pro-Ligaнинг 19-туридан ўрин олган ўйинда вилоятимизнинг “Динамо” ва Фарғонанинг “Нефтчи” жамоалари баҳслашди. Биринчи бўлимда вакилларимиз қарши ҳужумдан кўпроқ фойдаланишди.

Ўйиннинг 31-дақиқасида Ойбек Нурматовнинг хавфли зарбасини рақиб дарвозабони қийинчилик билан қайтарди. 33-дақиқада эса Амиржон Сафаров Шохруҳ Абдураҳмонов узатмасидан фойдалана олмади. 44-дақиқага келиб фарғоналикларлар ҳисобни очишди. Бироқ дарвозабонимизга қилинган қўполлик эвазига киритилган гол ҳисобланмади ва футболчилар 0:0 ҳисобида танаффусга йўл олишди.

Иккинчи бўлимда ҳам жамоаларда хавфли вазиятлар кўп бўлди. Афсуски, мезбонлар фойдалана олишмади. Футболчиларимиз эса фаоллик билан ҳаракатланишди. Ўйиннинг 78-дақиқасида Аваз Агалиевнинг бурчакдан етказган тўпини Муҳаммадқодир Ҳамралиев голга айлантирди ҳамда “Динамо” жамоасини олдинга олиб чиқди. Ўйинда бошқа гол урилмади ва самарқандликлар турнир жадвалида учинчи ўринга кўтарилиб олди.

Қайд этиш лозимки, Pro-Ligaнинг 16-турида ҳам “Динамо” жамоаси “Нефтчи”ни 2:0 ҳисобида мағлуб этганди.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.