“Динамо” Вадим Абрамов билан шартномани узайтирди

Жамоани тарк этган футболчилар ўрнига янгилари жалб қилинмоқда

Вилоятимизнинг “Динамо” футбол жамоаси 2024 йилги Суперлига мавсумида 26 учрашувда 32 очко тўплаб, турнир жадвалида 8-ўриндан жой олди ва мазкур лигада жорий йилги мавсумда ҳам юришини давом эттирадиган бўлди.

Суперлиганинг янги мавсуми олдидан “Динамо” ПФК жамоа таркибини кучайтириш мақсадида бир нечта ўзгаришларни амалга оширмоқда. Жамоа мавсум якунидан кейин амалдаги шартномаси якунига етган бир қатор футболчилар билан хайрлашди. Жумладан, Санжар Шоаҳмедов, Францис Нарх, Душан Мийич, Дилшод Раҳматуллаев, Ҳумоюнмирзо Иминов, Комил Шарофутдинов ва Абубакр Муйдинов билан амалдаги келишув якунига етди. Дарвозабонлардан бири Фарҳод Раҳматов билан эса амалдаги келишув розилик билан бекор қилинди. 

Тажрибали мутахассис қўл остида жамоа яхши натижа кўрсатаётгани ва футболчиларнинг ўсиши жиҳатидан муваффақиятли одимлаётганини ҳисобга олиб, клуб раҳбарияти жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов билан шартномани 2026 йилнинг охиригача узайтирди.

Ўтган йиллар давомида «Насаф» жамоаси шарафини ҳимоя қилган сербиялик ярим ҳимоячи Марко Станоевич “Динамо” сафига қабул қилинди. Футболчи билан бир йиллик шартнома имзоланган ва у жамоага эркин агент мақомида қўшилди. Станоевич Суперлигада 111 ўйинда 15 та, Осиё чемпионлар лигасида олти ўйинда 5 та голга муаллифлик қилган. 

Украиналик легионер Олександр Кучеренко ҳам "Динамо" жамоаси билан бир йиллик шартнома имзолади. Тажрибали марказий ҳимоячи якунланган мавсумнинг иккинчи даврасини Бекободнинг "Металлург" клуби сафида ўтказиб, Суперлигада 13 ўйинда битта голга муаллифлик қилганди. У Самарқанд жамоаси сафига эркин агент сифатида қўшилди. Кучеренко фаолияти давомида Украинанинг "Верес", "Ингулец", "Волин", Молдованинг "Нистру" ва "Верис" клубларида ҳам ҳаракат қилиб, Украина Премьер-лигаси, Молдова Суперлигаси ва Европа лигасида ҳам ўйинлар ўтказган.

Шу билан бирга, “Динамо” маҳаллий клубларда тўп тепган Санжар Қодирқулов, Акбар Абдурасулов, Миржаҳон Мираҳмадов, Эдем Немановни лига рўйхатидан ўтказган бўлса, Анваржон Ҳожимирзаев, Баҳодир Насимов, Улуғбек Абдуллаев каби тажрибали футболчилар билан шартномани узайтирди.

«Динамо» ПФК ахборот хизматининг маълум қилишича, жамоа кеча, 3 январдан Тошкентда Суперлига-2025 мавсумига дастлабки ўқув-машғулот йиғинни бошлади. Йиғин доирасида 8 январь куни «Хоразм»га, 13 январда эса «Бунёдкор»га қарши назорат учрашуви ўтказилади. Ушбу йиғинда жамоа таркибида яна ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. 

“Динамо” январь ойининг иккинчи қисмида эса Бирлашган Араб Амирликларида ўқув-машғулот йиғинни давом эттириши режалаштирилган.