Диёра Келдиёрованинг ота-онасига вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди

Парижда ўтказилаётган ўттиз учинчи ёзги олимпия ўйинларида пастдарғомлик Диёра Келдиёрова юртимиз тарихида дзюдо бўйича олимпиада олтин медалини олган илк спортчи бўлди.

Кеча давлатимиз раҳбари Диёра билан телефон орқали гаплашиб, тарихий ғалаба билан табриклади ва у билан фахрланишини айтди.

Бугун вилоят ҳокимлиги масъуллари ва жамоатчилик вакиллари Диёра туғилиб ўсган хонадонга бориб, унинг ота-онасига вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғаларини топширди.

Диёранинг спортдаги зафарли одимлари ҳақида фикрлар билдирилди.

- Япониялик жаҳон ва олимпиада чемпиони Абэни йиқитди, биринчи навбатда шундан хурсандман, - дейди Диёранинг онаси Дилором Шарипова.  - Тўрт йилдан бери у қизимга биринчиликни бермай келаётганди. Диёра учун ғалабага эришиш осон бўлмади ва жуда кўп ҳаракат қилди, мақсади йўлида тўхтаб қолмади. Охири, олимпида чемпиони бўлиб, нафақат бизни, балки бутун халқимизни ишончини оқлади. Бунинг учун қизимни ҳар доим қўллаб-қувватлаган устозлари,  туманимиз ва вилоят масъулларига, спортчиларга шароит яратиб берган Юртбошимизга раҳмат айтаман.

Диёрага дзюдо сирларини ўргатган ва унинг шу даражага етишида муносиб ҳисса қўшган биринчи мураббийи Хуршида Халикованинг хизматлари катта.

Диёрани олти ёшида бувиси олдимга олиб келганида ўта ҳаракатчанлиги, тиришқоқлиги билан бошқа спортчилардан ажралиб турарди, - дейди Хуршида Халикова. – 10 йил, яъни жаҳон чемпиони бўлгунга қадар бирга шуғулландик. Кейинчалик терма жамоага қабул қилиниб, нуфузли мусобақаларда ғолиб бўлди, энг катта мақсади - олимпиада чемпионлигига эришди. Диёранинг чемпионликкача босиб ўтган машаққатли йўли, ўзбек қизининг матонати ва сабридан барча ёшларимиз ўрнак олса арзийди.

Фазлиддин Рўзибоев.