Диёра Келдиёрова: "Ортимда бутун ўзбек халқи турганини ҳис қилиб турдим"

Ўзбекистон чемпиони, халқаро турнирлар совриндори, Осиё ва жаҳон чемпиони, Осиё ва Ислом бирдамлиги ўйинлари ғолиби, Зулфия номидаги Давлат мукофоти ва “Келажак бунёдкори” медали соҳиби, Ўзбекистон тарихида ёзги Олимпия ўйинларида чемпион бўлган илк аёл спортчи...

Бу ютуқларнинг барчаси дзюдо бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, пастдарғомлик Диёра Келдиёровага тегишли.

Диёра Келдиёрова 1998 йилда Паст Дарғом туманининг Пўлатчи маҳалласида туғилган. 20 йилдан буён дзюдо билан шуғулланиб келади. 6 ёшида Хуршида Халикова қўли остида шуғулланишни бошлаган ва 2010 йилда илк марта Ўзбекистон чемпиони бўлиб, 2013 йилда миллий терма жамоага қабул қилинган. Терма жамоада Нелья Киямова қўл остида машғулотларни давом эттириб, 2015 йилда жаҳон чемпиони бўлгач, ўзбек дзюдосида янги саҳифа очиб, уни ғалабалар билан тўлдириб келмоқда.

Диёра Парижда ўтказилаётган Олимпия ўйинларида ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, Ўзбекистон тарихида ёзги Олимпия ўйинларида чемпион бўлган илк аёл спортчи, шунингдек, юртимиз тарихида дзюдо бўйича олимпиада олтин медалини олган илк спортчига айланди.

У чемпионликкача япониялик Олимпиада ва тўрт карра жаҳон чемпиони Ута Абенинг 5 йиллик мағлубиятсиз сериясига барҳам берди, чорак финалда германиялик Маша Балҳаусни, ярим финалда мезбонларнинг биринчи рақамли спортчиси, Олимпия ўйинларининг олтин ва кумуш медаллари соҳиби Амандин Бушарни, финалда "Токио-2020" ёзги Олимпия ўйинларининг чемпиони косоволик Дистрия Красничини мағлубиятга учратди.

"Ғалабангиз ўзбек аёли нимага қодир эканини дунёга намойиш этди"

Давлатмиз раҳбари Диёра Келдиёровани Олимпиада чемпионлиги билан табриклаб, шундай фикр билдирди. “Жасоратли, матонатли қизим борлигидан ғурурланаман. Камдан-кам бўладиган ғалаба бўлди. Дунё қойил қолди. Ғалабангиз ўзбек аёли нимага қодир эканини дунёга намойиш этди. Ўзбекистоннинг обрўйини жуда кўтардингиз, раҳмат қизим”, деди Президентимиз Шавкат Мирзиёев чемпион билан телефон орқали мулоқот чоғида.

Фарзанд натижаси ота-она учун чексиз фахр

Диёра Келдиёрова бу олтин медаль эвазига  Ўзбекистон олимпия рейтингида кучли ўнликдан жой олди. Айтиш жоизки, ўзбекистонлик аёл спортчиларидан фақатгина трамполиндан сакраш баҳсларида Екатерина Хилько (2008 йил, бронза) Олимпиада совриндори бўлган эди. Ўзбекистон дзюдо мактабининг энг машҳур ва афсонавий спортчилари Армен Багдасаров, Абдулла Тангриев ва Ришод Собировлар ҳам Олимпиада олтин медалини қўлга кирита олмаган эди. Багдасаров ва Тангриев кумуш медаль, Собиров эса уч марта бронза медали олган. Шунингдек, Диёрбек Ўрозбоев ва Давлат Бобонов ҳисобида ҳам биттадан бронза медали мавжуд.

Диёранинг ғалабасидан кейин унинг ота-онаси билан суҳбатлашдик. 

- Қизим иштирок этган ҳар бир мусобақани ҳаяжон билан кузатамиз, - дейди Диёранинг онаси Дилором Шарипова. – Ёшлигидан чемпион бўламан, телевизорда кўрсатишади, бутун Ўзбекистон мени олқишлайди, дер эди. Мана, азалий рақиби, бир неча йилдан буён ғалабани бермай келаётган япониялик Ута Абе ва яна бир нечта номдор спортчиларни доғда қолдириб, ниятига етди - юртимиз байроғини баланд кўтариб, олимпиада чемпиони бўлди. Бундан бошимиз кўкка етди.

- Мамлакатимизда спортчиларнинг шуғулланиши учун барча шароит яратилган, - дейди Диёранинг отаси Бахтиёр Мардонов. – Буни қизим Диёра эришаётган ютуқларда ҳам кўриш мумкин. Қизим олимпиадада тарихий ғалаба қайд этиб, юзимизни ёруғ қилди, ишончимизни оқлади. Устозлари, маҳалламиздагилар, масъуллар уйимизга келиб, Диёранинг чиқишини биргаликда кузатишди, ғалаба билан табриклади ва ҳаммаси учун раҳмат айтишди. Рости, бу ота-она учун фахр.

«Ортимда бутун ўзбек халқи турганини ҳис қилдим»

Диёра тарихий ғалабасидан сўнг Ўзбекистон аёллар терма жамоасида ишлаётган япониялик мутахассис Мики Танакага миннатдорчилик билдирди.

Чунки бу мутахассис ёрдамида Диёра жорий йилда икки марта Японияга бориб, маҳоратини ошириб келган ва унинг чемпион бўлишида ҳисса қўшган. Диёранинг чемпион бўлишида унинг ҳозирги мураббийи Марко Шпитканинг эса хизматлари жуда катта. "Атланта-1996" ёзги Олимпия ўйинларининг бронза медали соҳиби бўлган ушбу мутахассис ўзбекистонлик шогирди билан чемпионликка эришди. Диёра мусобақадан кейин "Париж-2024" расмий матбуот анжуманида олимпиада таассуротлари ва мураббийи айтган гаплар унга мотивация берганини таъкидлади.

"Мураббийимни энг биринчи айтган гапи - Абе билан биринчи-иккинчи раундда ёки ярим финал, балки финалда тушишинг мумкин, сенда биттагина йўл бор, бу ҳам бўлса фақатгина уни ютиш. Орқага йўл йўқ, фақатгина биттагина йўлинг бор” деди ва мен шу ишни қилдим. Бу мураббийимнинг менга берган катта мотивацияси эди. Мусобақага узоқ муддат тайёрландик. Ҳар бир рақибим кучли бўлишини билган эдим. Кучлиларни ютмагунимча, кучли бўла олмаслигимни яхши тушуниб турган эдим. Албатта, ортимда бутун ўзбек халқи, ўзбекистонлик аёл дзюдочилар турганини ҳис қилдим. Фурсатдан фойдаланиб, муҳтарам Президентимизга Ўзбекистонда аёллар спортига қаратилаётган эътибор юзасидан чексиз миннатдорчилик билдираман. Чет эллик спортчилар ҳам бизга яратилган шароитларга ҳавас қилади. Ўйлайманки, мана шундай эътибор бугунги Олимпиада ғолиблигининг меваси бўлди", деди Диёра Келдиёрова.

***

Айни пайтда Парижда ўтказилаётган ёзги олимпия ўйинлари 11 августга қадар давом этади ва мусобақада вилоятимиздан 15 нафар спортчи юртимиз шарафини ҳимоя қиляпти.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.