Диёра Келдиёрова: “Икки карра олимпиада чемпиони бўлмоқчиман”

 

Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари чемпиони, пастдарғомлик дзюдочи Диёра Келдиёрова ниҳоясига етиб бораётган йилни 52 килограмм вазн тоифасида жаҳон рейтинги пешқадами сифатида якунламоқда.

Ўзбекистон тарихида ёзги олимпия ўйинлари чемпиони бўлган илк аёл дзюдочининг тарихий ғалабаси кўпчилик ёшлар, айниқса, қизлар учун жуда катта мотивация бўлди. Оламшумул чемпионлиги билан минглаб ҳамюртларимизда соғлом турмуш тарзига қизиқиш уйғота олган спортчимиз билан келгуси режалари ҳақида суҳбатлашдик.

– Диёра, олимпиададаги тарихий ғалабангиздан кейин дзюдо билан шуғулланаётган ёшлар сезиларли даражада кўпайди. Бу борада фикрларингиз қандай?

– Албатта, бундан жуда хурсандман. Тўғриси, дзюдога келаётган қизлар бунчалик кўпайишини кутмаган эдим. Ўзбекистонда аёллар спортини ривожланишига оз бўлса-да ҳисса қўшганимдан жуда хурсандман. Соғлом онадан соғлом фарзанд дунёга келади. Бу, албатта, профессионал спортда ҳам мевасини беради. Бизда аёллар дзюдосида рақобат кучаймаган эди. Чунки аввал дзюдочи қизлар сони кам эди. Ўйлайманки, яқин даврда рақобатни бугунгидан ҳам кучайтирамиз. Ҳар бир вазнда етакчиликка даъвогарларни 10 тага етказиб олсак, бу аёллар дзюдосида жуда катта ўсиш бўлади.

– Ҳозир нималар билан машғулсиз, сизни яна қачон мусобақаларда кўрамиз?

– Айни пайтда таътилдамиз, жароҳатларимни даволаяпман. Шунинг учун мусобақаларда қачон иштирок этишимни аниқ билмайман. Келгуси олимпиадагача яна 4 йил вақтимиз бор. Ўтган олимпиадада COVID-19 пандемияси сабабли Париж-2024 цикли қисқароқ бўлди. Сўнгги етти йилда умуман дам олмадик, десам ҳам бўлади. Шу боис ҳозир ҳордиқ чиқаряпман ва шу пайтгача безовта қилган барча жароҳатларимни тузатяпмиз. Орада ёшлар билан учрашувларда қатнашяпман ва ёш дзюдочи қизларга маҳорат дарслари ўтяпман. Яқинда Ўзбекистон дзюдо федерацияси ташаббуси билан ташкил этилган “Judo Girls” клуби тарбияланувчиларига машғулот ўтдик. Рости, шундай паллада ўзим ҳам мириқиб шуғулланаман. Чунки болалик йилларига қайтгандек бўламан. Умид қиламанки, дзюдога меҳр қўйган қизларимиз ҳам жаҳон ареналарида юртимиз байроғини баланд кўтаради.

– Чемпион бўлганингиздан кейин Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида масъул лавозимга тайинландингиз. Бу спортдаги фаолиятингизга ва шахсий ҳаётингизга салбий таъсир кўрсатмайдими?

– Йўқ. Аксинча, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Гендер тенгсизлиги ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш бўйича махсус вакили этиб тайинланганимдан хурсандман. Чунки менга “Замонавий ўзбек аёлининг серқирралиги – меҳрибон қиз, содиқ рафиқа, ҳурматга муносиб келин, шу билан бирга, мамлакатимизни жаҳон аренасида муваффақиятли намоён этаётган Олимпиада чемпиони” сифатида ишонч билдирилди. Бу ишончга муносиб бўлиб, юртимиз келажаги ва жамиятда хотин-қизларнинг гендер тенглиги йўлида опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш учун ҳаракат қиламан.

– Янги олимпиада циклида ёки кейинги мусобақаларда вазн тоифангизни ўзгартирасизми?

– Бундай режам йўқ. Чунки мусобақаларда менга шу вазнда иштирок этиш (52 килограмм) қулай.

– Келгуси режаларингиз, олдингизга қандай мақсад қўйгансиз?

– Ростини айтсам, режаларим кўп ва ҳали фаолиятимни тугатмоқчи эмасман. Қолаверса, турмуш ўртоғим ҳам дзюдочи. Машғулотларни биргаликда олиб бориб, нуфузли мусобақаларда қатнашиш ниятим бор. Энг катта мақсадларимдан бири икки карра олимпида чемпиони бўлиб, Ўзбекистон номини яна бир бор дунёга танитмоқчиман.

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

Фазлиддин Рўзибоев суҳбатлашди.