Дори воситалари савдоси: Одамлар нима дейди, мутасаддилар-чи?
Бугун аҳоли ўртасида, ижтимоий тармоқларда дори-дармон масаласи, нархларнинг асоссиз ошиб кетаётганлиги, зарур дори воситаларининг етишмаслиги асосий мавзуга айланган. Хўш, буни мутасаддилар қандай изоҳлайди?
Абдуғани САИДОВ, Самарқанд вилоят монополияга қарши курашиш бошқармаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи:
- Мамлакатимизда четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда чекланган савдо устамалари қўлланилади.
Бундан ташқари, ижтимоий дорихоналарда 10 фоизгача устама нарх белгиланади.
Ноқонуний сотилаётган препаратлар ишлаб чиқарувчиларнинг ҳақиқий дори воситалари бўлиши ҳам мумкин. Бироқ улар Ўзбекистонга амалдаги қонунчиликка риоя этилмаган ҳолда, назорат органларининг мажбурий текширувларисиз олиб ўтилган дорилардир. Яъни, сифатсиз дори воситалари махсус жиҳозланган транспорт ўрнига оддий қутилар ва сумкалар, юк машиналари ёки автобус бўлмаларида айланма йўллар билан олиб ўтилган ёки олиб кирилган бўлади. Демак, препаратлар турли техникалар, қурилиш материаллари, мева-сабзавот маҳсулотлари билан ёнма-ён ҳолда, оддий санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинмаган ҳолда ташилади.
Дорини сотиб олишдан олдин фармацевт, имкон қадар шифокор билан маслаҳатлашиш лозим. Энг муҳими, дорихона ходимидан препарат сертификати ёки уни сотиб олганлик тўғрисидаги чекни кўрсатишини талаб қилиш керак. Бу фуқаронинг ҳуқуқидир. Агарда дорихона сўралган ҳужжатларни тақдим этмаса, тегишли тартибда назорат қилувчи идораларга ва бошқа дорихонага мурожаат қилган маъқул.
Муҳаммаджон РЎЗМАТОВ, Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи:
- Қалбаки ва ноқонуний дори воситалари савдосининг олдини олиш борасидаги тадбирлар натижасида шу пайтгача 4 та, жумладан, 3 та жиноий иш очилди.
Бугунги кунда вилоятимизда 5 та корхона дори воситаларини ва 2 та корхона тиббий буюмларни ишлаб чиқариш билан, 55 та корхона дори воситалари ва тиббий буюмлар улгуржи савдоси билан шуғулланяпти.
Аҳолига 660 та хусусий дорихона ва уларнинг 620 та филиаллари дори-дармон ва тиббий буюмларни чакана сотиш хизматини кўрсатаётган бўлса, туман марказлари ва узоқ ҳудудларда 221 та асосий дорихона ва 195 та дорихона филиаллари фаолият юритяпти.
Бошқармамиз ходимлари томонидан вилоятдаги чакана савдо дорихоналарида пандемия даврида дори-дармон ва тиббий буюмларнинг сунъий танқислигини юзага келтирмаслик, нархлар асоссиз оширилиши ҳолатларининг олдини олиш юзасидан ҳар бир дорихона раҳбари ва сотувчиси билан профилактик суҳбатлар ўтказилди. Қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилган тақдирда жавобгарликка тортилиши тўғрисида огоҳлантирилди.
Анвар ХИДИРОВ, «Дори-дармон» акциядорлик компанияси Самарқанд вилоят бўлими масъули:
- Аҳоли айрим дори воситаларини анъанавий дорихонлардан топа олмаса, уларнинг нархи ёки бошқа омиллари туфайли кўпинча хусусий шахсларга мурожаат қилади. Бироқ, дори-дармонларни қўлдан, жумладан веб-саҳифалар, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардаги эълонлар бўйича харид қилиш тавсия этилмайди.
Негаки, бугунги кунда “Дори-дармон” АК томонидан вилоятимизда 220 та ижтимоий дорихона фаолияти йўлга қўйилган. Пандемия даврида 1 та “ISUZU” ва 11 та “Дамас” автомашиналарида кўчма дорихоналар ташкил қилинган.
Республика махсус комиссияси йиғилишида коронавирусга чалинган беморларни бепул дори-дармонлар билан таъминлаш юзасидан қарор қабул қилиниб, уларга етказиб бериладиган 49 турдаги дори-дармонлар рўйхати тасдиқланди. Бундан ташқари, вилоят ҳокими топшириғига асосан ҳар бир дорихонада “Covid-19” га қарши курашиш, профилактикаси учун махсус бурчаклар ташкил қилинмоқда. Тез орада мазкур бурчаклар етарли миқдордаги дори воситалари билан таъминланади.
Ё.ГАДОЕВ тайёрлади.