Дори воситаларига умид хориж бозоридан бўлмаслиги керак

Вилоят ҳокимлиги томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар шунга қаратилган

Мамлакатимизнинг нархлари тез ошиб бораётган хориж дори воситаларига боғлиқлиги юқори даражадалигича қолмоқда, қарийб 1,5 миллиард долларлик дори воситалари бозорида маҳаллий маҳсулотлар улуши бор-йўғи 19 фоизни ташкил этади.

Вилоятимизда ўтган йили 54 та корхона томонидан 383 миллион долларлик дори воситалари ва тиббиёт буюмлари импорт қилинган ва бу 2023 йилга нисбатан 13 фоизга ошган.

Жорий йил январь-февраль ойларида 79,1 миллион долларлик маҳсулот импорт қилиниб, ўтган йил мос даврига нисбатан 4,5 миллион долларга ёки 6 фоизга кўпайган. Ушбу кўрсаткич вилоят импортининг 23 фоизини ташкил қилади. Шуни ўзиёқ дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш қанчалик муҳимлигини кўрсатади.

2024 йилда 36 та фармацевтика корхонасидан 15 таси ҳисобот топширган ва 195 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилганлигини кўрсатган. Улардан 5 таси дори воситалари, 5 таси ветеринария препаратлари, 3 таси тиббиёт буюмлари, 6 таси биологик фаол қўшимчалар, 17 таси зираворлар ва доривор ўсимликлар дамламалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

5 та корхона томонидан 340,1 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинган бўлса-да, бу 2023 йилга нисбатан 12 фоизга камайган.

2024 йил инвестиция дастурида биронта лойиҳа ишга туширилмаган. Жорий йилда эса фақат Булунғур тумани 71,5 миллион долларлик иккита - "Yangi osiyo xalqaro biofarmasevtika" масъулияти чекланган жамиятининг биопрепаратлар тайёрлаш, "Usmonov Baxtiyor" якка тартибдаги тадбиркориннг шприц, гемодез ишлаб чиқариш лойиҳаларини тақдим этган, холос.

Қолган туман ва шаҳарларда 2025 йил учун фармацевтика йўналишида бирорта лойиҳа таклифлари тақдим этилмаган.

Хитой Халқ Республикаси дунё фармацевтика саноати энг ривожланган мамлакат ҳисобланиб, жаҳон фармацевтика бозори хом ашёсининг катта қисмини етказиб беради. Ҳозирги кунда энг замонавий дори воситалар билан бирга барча турдаги дори воситалари ишлаб чиқарадиган қурилмалар экспорт қилмоқда.

Лекин бу мамлакатга охирги ойлардаги хизмат сафарларида шаҳар ва туманлар ҳокимлари, уларнинг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосарлари фармацевтика соҳасига бирорта инвестиция олиб келмаган.

Бундан ташқари, вилоятда доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш даражаси ҳам ўта паст. Таҳлиллар асосида Нуробод ва Қўшработ туманларида етиштирилган доривор ўсимликлардаги фойдали элементлар таркиби энг бой, деб топилган. Бас шундай экан, қайд қилинган туманларнинг ҳокимлари ушбу йўналишда инвесторларни топиб, лойиҳалар устида ишлашлари зарур.

Умуман олганда, вилоятда фармацевтика соҳасида импортни мақбуллаштириш ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Негаки, бунақа имконият бошқа вилоятларда бўлмаслиги мумкин – энг йирик импорт`рлар Самарқандда бўлса-да, ишлаб чиқарувчилар саноқли. Бу ҳудудлар раҳбарларининг эътиборсизлигидан бошқа нарса эмас.

Шу боис, вилоят ҳокимлигида ўтган йиғилишда дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, импорт қилинаётган дори воситаларини маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш борасида жиддий ўзгаришлар қилиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Хусусан, инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси, туманлар, шаҳарлар ҳокимлари икки ой муддатда ҳудудлардаги ҳар бир импортёр билан дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича камида 2 тадан лойиҳа таклифлари ишлаб чиқиши белгиланди.

Вилоят молия ва иқтисодиёт бошқармасига фармацевтика соҳасидаги давлат рўйхатидан ўтган 28 та фаолият кўрсатмаётган корхонанинг ишламаётганлик, 2024 йилда 36 та фаолият кўрсатаётган корхоналардан 20 таси статистик ҳисоботларни топширмаганлик сабабларини ўрганиш вазифаси топширилди.

Ёқубжон Марқаев.