Дори воситаларини рўйхатга олиш тартиби коррупциоген омиллардан холи эмас
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Полвоновнинг сайловолди дастурида коррупцияга қарши курашиш асосий ўрин тутади. Жумладан, у нурободлик сайловчилар билан учрашувда ҳам давлат бошқаруви ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар фаолиятида қонунийлик бўлиши учун назоратни кучайтириш кераклигини билдирганди.
Ўтган давр мобайнида бу борада айнан унинг ўзи ёки парламент қуйи палатаси қандай ўзгаришларни амалга ошира олди? Сайловчилар буни нималарда кўриши мумкин?
- Авваламбор, парламентнинг ўзига хос функцияларидан келиб чиқиб коррупцияга қарши кураш бир неча йўналишларда олиб борилади, - дейди Ш.Полвонов. - Энг асосий йўналиш, бу қонун ижодкорлиги йўли билан коррупцияга қарши курашиш. Бу борада “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” махсус қонун қабул қилингани, ўтган йилда судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини янада кенг жорий этишга оид қонун мисол бўла олади. Яқинда эса ер участкаларини олиб қўйиш ваколатини ҳокимликлардан олиб, маҳаллий Кенгашларга беришга оид қонунни қабул қилдик.
Қонун ижодкорлигидаги яна бир масала, бу – қонунларнинг ўзини коррупциоген нормалардан холи этиш. Ўтган давр мобайнида коррупциоген нормаларнинг 10 дан ортиғи қонун лойиҳаларидан чиқариб ташланди. Агар у коррупциядан холи бўлмаса қонун ўзи ҳам қайтариляпти. Масалан, яқинда судларнинг маъмурий ишларни кўриб чиқиш билан боғлиқ айрим ваколатларини ички ишлар органларига ўтказишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси депутатларимиз томонидан коррупциоген, деб топилди ва қайтарилди.
Яна бир фаолият йўналишимиз - парламент назорати, бунда мансабдор шахсларнинг ахборот ва ҳисоботини эшитамиз. Ўтган йил давомида 20 га яқин парламент эшитуви, 80 га яқин қўмиталар эшитуви ўтказилган. Эшитувлар давомида у ёки бу мансабдор шахснинг бевосита коррупцияга қарши курашиш мавзусида 3 та вазирлик ва идора раҳбарларининг ахбороти эшитилган. Якунда тегишли вазирлик ё идорада ички назорат тизимини йўлга қўйиш, фаолияти шаффофлигини таъминлаш, ички ҳужжатларидаги коррупциоген нормаларни бартараф этишга қаратилган қарорлар қабул қилиниб, ижрога қаратилган. Масалан, соғлиқни сақлаш тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича ўтказилган эшитув давомида дори воситаларини рўйхатга олиш тартиби коррупциоген омиллардан холи эмас, деб топилди.
Оддий мисол, дори воситаларини рўйхатга олиш бўйича амалдаги Низомга мувофиқ, рўйхатга олувчи орган тақдим этилган ҳужжатларда арзимаган камчиликларни аниқлаган тақдирда ҳам ҳужжатларни 5 ой ушлаб туриб, кейинчалик рад этиши мумкин. Шу сабабли рўйхатга олиш рад этилганда, рад этишнинг 2 поғонали тизимини жорий қилишни таклиф этдик. Яъни, агар ҳужжатларда камчилик бўлса, уни 10 кундан кечиктирмай, агар лаборатория текширувлари билан боғлиқ бўлсагина уни кечроқ муддатда рад этишни сўрадик. Ушбу таклифимизга асосан бугунги кунда амалдаги Низомга ўзгартиш киритиш борасида лойиҳа тайёрланиб, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилмоқда.
Бундан ташқари, қўмита қарорига мувофиқ, вазирлик томонидан ички назорат олиб борилган ва маҳаллий бюджетдан молиялаштирилувчи тиббиёт муассасаларининг 2020 йил учун тузилган харажатлар сметасига 7 миллиард 58,4 миллион сўм маблағ ортиқча киритилгани аниқланиб, бартараф этилган.
Шунингдек, вазирлик тизимида ишга қабул қилиш, ордерлар беришда шаффофликни таъминлаш мақсадида “Соғлиқни сақлашни молиялаштириш тизимининг самарадорлигини ошириш ва бозор механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси ҳамда “Тиббий ёрдам кўрсатиш даражасига боғлиқ равишда шифохонага ётқизишга кўрсатмаларни аниқлаш жараёнига ахборот-технологияларини жорий қилиш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Албатта, бу йўналишдаги ишларимиздан тўлиқ қониқиш ҳосил қилганмиз, десак хато бўлади. Фаолиятимизни янада фойдали ва самарали ташкил этиш имкониятларимиздан кенгроқ фойдаланишимиз керак, деб ҳисоблайман.