Дорихонага тушган ўғри 32 700 000 сўмлик мол-мулкни ўғирлаб кетди

Янги йилга ўтар кечаси байрамни ҳамма оила даврасида, тўкин дастурхон атрофида нишонлайди. Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи Ферузжон эса 2018 йилнинг 31 декабрь куни кечки пайт онаси билан жанжаллашиб, кўчага чиқиб кетди. У кўчада танишлари билан бирга ўйин-кулги қилди. Сўнгра четроққа ўтиб, ёнидаги шприцга ўзи доим сотиб оладиган дори воситасини тортиб, ўзига укол қилди. Кайфи ошгач, доимий мижозга айланган Самарқанд шаҳар Буюк Ипак Йўли кўчаси 1-“А” уйда жойлашган дорихона томон юрди.

Дорихона сотувчиси унга кўпдан бери сўраган дори воситаларининг бирини берса, бошқасини бермай ёки шприц сотмай, жиғига тегиб келаётганди. Сотувчи унинг асабига тегиб келаётгани шу тобда эсига тушди. Кайфи тароқ Ферузжон дорихона эшиги ойнасини синдириб, ичкарига кирди. У ердан баҳоси 9 миллион сўмлик ҳар хил турдаги дори воситаларини, 300 минг сўм пул, “Нокия” русумли уяли телефон аппарати, 2 дона ноутбук, видео кузатув хотираси, хуллас, жами баҳоси 32.700.000 сўмлик мол-мулкларни яширин равишда ўғирлаб чиқди. Шунингдек, у дорихонага тегишли бўлган муҳр, штамп ҳамда С.Ахтамовнинг фуқаролик паспортини ҳам ўзи билан олиб кетди.

Ферузжон Ғолибовнинг ушбу хатти-ҳаракати устидан жиноий иш қўзғатилди. Энди у қилмишига яраша жазосини олади.

Вилоят ИИБ матбуот хизмати.