ДТМ: бу йилги тест саволларида ўта мураккаб ёки мужмали йўқ!

2019-2020 ўқув йилида олий таълим муассасаларига ўтган йилга нисбатан 30 фоиз атрофида кўпроқ квота ажратилади, деб ёзмоқда human.uz. Бу тахминан 110 минг талаба дегани. Бундан ташқари, табақалаштирилган, яъни оширилган контракт тўлови бўйича яна қўшимча 40-50 фоиздан зиёд талаба ўқишга қабул қилиниши мумкин. Бу ҳақда Давлат тест маркази бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабов Президентимизнинг 2019 йилнинг 13 майдаги “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги”ги қарори бўйича “Тараққиёт стратегияси” марказида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Маълумки, тест жараёнида ўта мураккаб саволлар ҳам учраётгани боис, абитуриентлар уларни ечишда қийинчиликка дуч келмоқда. Хўш, бунинг олдини олиш учун нималар қилинди?
Мутасаддининг айтишича, фан экспертлари томонидан саволлар тузилаётган пайтда уларни уч мартадан экспертизадан ўтказиш тартиби белгиланган. Бу борада мутахассисларга тушунтиришлар олиб борилган. Экспертиза жараёнида ечилиши қийин бўлган, мужмаллик туғдириши аниқланган саволлар базадан чиқариб ташланди.
Эндиликда имтиҳонлар бевосита ҳудудларда ҳам ўтказилётгани муносабати билан одамларда туғилаётган саволлардан бири — жойларда ўтадиган тест синовларининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида улардаги шароит пойтахтникидан қолишмайдими?
Б.Ражабовнинг сўзларига кўра, республикамизнинг барча ҳудудларда шароит бир хил. Бири иккинчисидан кам эмас. Жараённи тасвирга олиш, ота-оналарга яратиб берилган имконият, кузатув, назорат, хуллас ҳамма-ҳаммаси тенг. Шу боис бундай саволга ҳожат йўқ. Бинолар сиғими эса 360 тадан 2400 тагача абитуриентни қамраб олади.
Ва ниҳоят, энг муҳим масала. Маълумки, «Маърифат» газетаси Давлат тест маркази билан ҳамкорликда абитуриентларга ёрдам бериш учун янги лойиҳани бошлаган. Нашр марказда синовдан ўтаётган имтиҳон фанлари бўйича тест саволларини чоп этади. Шунингдек, тест саволларини тузишда фойдаланилган адабиётлар рўйхатини ҳам тақдим этмоқда. Ўз-ўзидан савол туғилади: хўш, улар қанчалар ҳақиқий? Тест саволларида улардан фойдаланиладими?
- Бошқа давлатлар тажрибасини кузатсак, тест синовларида тушадиган саволлар чоп этилмайди, — дейди Б.Ражабов. — Лекин биз абитуриентларга пухта тайёргарлик кўришига ёрдам кўрсатиш сифатида ўхшаш саволларни эълон қиламиз. Улар тест марказининг расмий веб-сайтида ёки қайсидир газета-журналда чиқиши мумкин. Бу абитуриентларга йўлланма бериш сифатида қилинади. Лекин айнан ўша саволлар тушишига ҳеч ким кафолат бермайди. Биз ушбу саволлар тушмаслигига ҳаракат қиламиз. Негаки, улар ташқарига чиқарилган, демакки, фойдаланиб бўлмайди. Жаҳон тажрибасини олсак, чоп этилган саволлар имтиҳонда тушмайди. Чунки бу шпаргалкалар тайёрлашга замин яратади.