Дунё автоспорт масъуллари Самарқандда
Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” халқаро туризм марказида Халқаро автомобиль федерацияси (FIA) ташкил этилганлигининг 120 йиллиги муносабати билан федерациянинг навбатдан ташқари бош ассамблеяси йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда федерацияга аъзо бўлган 147 мамлакатдан 500 дан ортиқ мутасаддилар, авто-мото клублар, федерациялар ва ассоциациялар делегатлари иштирок этди. Тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департаменти раҳбари Одил Абдураҳмонов, Халқаро автомобиль федерацияси (FIA) президенти Муҳаммад Аҳмад бен Сулайем, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири Адҳам Икромов, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон автоспорт ва картинг миллий федерацияси масъуллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департаменти раҳбари Одил Абдураҳмонов, Халқаро автомобиль федерацияси (FIA) президенти Муҳаммад Аҳмад бен Сулайем, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовлар конференция иштирокчиларини қутлаб, дунё миқёсида ривожланиб бораётган автоспортни янада оммалашувида ушбу конференция давомида эришиладиган келишувлар, ўзаро тажриба алмашинуви алоҳида аҳамият касб этиши таъкидланди.
Тадбир доирасида юртимиз вакилларининг Халқаро автомобиль федерацияси (FIA) мутасаддилари билан ўтказилган учрашувида ўзаро ҳамкорлик истиқболлари, келгусида автоспортни ривожлантириш борасидаги таклиф муҳокама этилди.
Жумладан, юртимизда спортни оммалаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида автоспортга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганлиги қайд этилди. Хусусан, Тошкент шаҳрида бунёд этилаётган Олимпия шаҳарчасида авто-мотоспорт турлари учун ҳам махсус майдонлар, йўлаклар ташкил этилаётганлиги қайд этилиб, уларни жаҳон стандартларига мослаштиришда FIA мутахассисларининг кўмаги муҳим аҳамият касб этиши алоҳида эътиборга олинди ва мутахассисларни жалб этишда FIAнинг ҳамкорлигидан мамнунлик билдирилди.
Ўз навбатида Халқаро автомобиль федерацияси президенти Муҳаммад Аҳмад бен Сулайем нуфузли анжуманни юқори савияда ташкил этилганлиги учун миннатдорлик билдириб, Олимпия шаҳарчасидаги бунёдкорлик ишларига автоспорт мутахассисларини жалб қилишда кўмак берилишини маълум қилди. Шунингдек, етарли инфратузилма яратилгач, ундан унумли ва самарали фойдаланиш лозимлигини таъкидлаб, Буюк Ипак йўли давлатлари автоспортчилари ўртасида “Silk road cup” халқаро мусобақасини ташкил таклифини билдирди.
Конференция иштирокчилари марказдаги кўргазмалар павильонида ташкил этилган кўргазма билан танишишди.
Самарқандда ўтаётган анжуман барчамиз учун самарали бўлмоқда, - дейди Уганда автожамоалар федерацияси котиби Рейнолд Кибира-Кадок. – Ўзаро тажриба алмашиш ҳар қандай соҳа ривожида муҳим, деб биламан. Шу боис анжумандан ўзимизга янгилик бўлган барча ўзгаришларни ўзлаштиришга ҳаракат қиляпмиз. Бу спорт турига бўлган қизиқиш дунё миқёсида тобора ўсиб бормоқда. Бизнинг Африка қитъасида ҳам ушбу спорт тури жадал ривожланяпти. Ўтказилаётган мусобақаларда 50 дан ортиқ мамлакат спортчилари қатнашмоқда. Мазкур анжумандаги фикрлар, ўзгаришларни, албатта, амалиётда қўллаб, юксак натижалар сари ҳаракат қиламиз.
Самарқанд мезбонлигида ўтказилаётган конференция 13 июнда якунланади.