Дунё мамлакатларининг бир-бирига жуда ўхшаш байроқлари
Давлат байроғи мамлакатларнинг муҳим рамзларидан биридир. Одамлар кўпинча байроқларни, айниқса, Жаҳон чемпионатлари ва Олимпия ўйинлари каби халқаро спорт мусобақаларида кўриб, қайси байроқ қайси давлатга тегишли эканлигини айта олади. Лекин баъзида икки ёки ундан ортиқ мамлакатлар байроқларининг бир-бирига жуда ўхшашлиги чалкашликларни келтириб чиқиши мумкин.
Бугун турли даражадаги ўхшашликларга эга байроқлар тўпламини кўриб чиқамиз.
Чад ва Руминия
Дунёнинг бошқа ҳеч бир давлат байроқлари бир-бирига шунчалик мос келмайди. Бу давлат рамзларининг дизайни ва ўлчамлари деярли бир хил ва фақат диққат билан қаралса, кўк, сариқ ва қизил вертикал тасмалардаги ранглар тусида тафовут сезилади. Иккала байроқ ҳам жамиятнинг турли қатламларидан келиб чиққан. Руминия байроғидаги горизонтал чизиқлар 1861 йилда асосланган бўлса, Чад байроғи биринчи марта 1959 йилда Франциядан мустақилликка эришганидан кейин кўтарилди. Дастлабки дизайнида яшил чизиғи бўлганида, у Мали байроғига жуда ўхшаб кетганди, шунинг учун яшил кўк рангга “бўялди”. Андоррада ҳам худди шундай байроқ бор, лекин у марказида жойлашган герби билан ажралиб туради.
Сенегал ва Мали
Гарчи ранглар оҳангида озгина тафовут мавжуд бўлса-да, бу икки байроқнинг ўлчами бир хил ва базавий яшил-сариқ-қизил вертикал тасмали дизайнга эга. Бундан ташқари, Сенагал байроғи марказий чизиғида яшил юлдуз ўрнатилган. Гвинея байроғининг ҳам ранглари шундай, фақат тасмалар тескари қизил-сариқ-яшил тартибда жойлаштирилган.
Янги Зеландия ва Австралия
Иккала байроқ ҳам Британиянинг ҳарбий хизматчи (прапоршик) унвони асосида яратилган ва Жанубий Хоч юлдуз туркуми йўналишига қаратилган. Байроқлар фақат бир неча жиҳатдан - Австралия байроғида бешта етти қиррали ва олтинчи каттароқ оқ “Ҳамдўстлик” юлдузининг қўшилиши, Янги Зеландия байроғида эса тўртта беш қиррали оқ-қизил юлдуз туркум дизайни билан фарқланади. Ушбу ўхшашликлар туфайли Янги Зеландияликлар ўз байроғини ўзгартириш ҳақида ўйлашмоқда.
Норвегия ва Исландия
Бу мамлакатлар байроғининг дизайни бир хил, аммо ранглари тескари. Иккаласидаги оқ Скандинавия хочи Дания байроғидан келиб чиққан. Фақат Норвегия байроғида оқ чегарали кўк хочли қизил майдон, Исландия байроғида эса оқ чегарали қизил хочли кўк майдони бор.
Иордания ва Фаластин
Улар деярли бир хил, фақат Иордания байроғи қизил учбурчак устидаги юлдузи билан фарқланади. Шунга ўхшаш ранглар Яқин Шарқ давлатларининг кўплаб бошқа байроқларида мавжуд. Яшил, оқ, қора ва қизил ранглар Шимолий Африка ва Яқин Шарқда тарихан ҳукмронлик қилган асосий мусулмон араб сулолаларининг рангларини ифодалайди.
Венесуэла, Эквадор ва Колумбия
Сариқ, кўк ва қизил горизонтал тасмаларга эга байроқ 1822 йилда Буюк Колумбия янги давлати томонидан қабул қилинган. Гарчи бу давлат 1830 йилда парчаланиб кетган бўлса-да, кейин Колумбия, Эквадор ва Венесуэла давлатлари бу рангларни ўз байроғига киритди. Колумбия ва Эквадор каттароқ сариқ тасмани сақлаб қолган, Венесуэла байроғида эса бир хил ўлчамдаги чизиқлар, Венесуэла байроғи марказида юлдузлар ёйи, юқори бурчагида миллий герб тасвирланган. Эквадор байроғидаги мамлакат герби унинг марказида жойлаштирилган.
Словения, Россия ва Словакия
Горизонтал чизиқли оқ-кўк-қизил Россия байроғи 17-асрнинг охирида Голландия байроғи андазаси асосида вужудга келган. Бу ўз навбатида жанубий Европадаги кўплаб бошқа мамлакатлар байроғи дизайнини яратишга илҳомлантирди. Словакия ва Словения байроқлари Россия байроғидан асосан узунлиги ва дизайнида ўз мамлакати гербини ўз ичига олганлиги билан ажралиб туради.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.