Дунё мамлакатларининг жуда қисқа, ниҳоятда узун, жуда ёқимли ва ғалати мадҳиялари
Ҳар бир мамлакат ўз давлатининг асосий қўшиғи – мадҳиясига эга. Унда мамлакатнинг устувор йўналишлари ва қадриятлари акс эттирилган деб ҳисобланади. Бироқ, ҳамма жойда ҳам бундай эмас экан. Масалан, Польша ва Францияда анча илгари бўлиб ўтган, ўз аҳамиятини йўқотган воқеалар асосида ёзилган қўшиқлар мадҳия вазифасини бажаради. Бунга ҳамма кўникиб кетган.
Бошқа мамлакатлардаги мадҳияларнинг ҳам ўзига хос хусусиятлари бор.
Испания мадҳиясида сўз йўқ. Косово, Босния ва Герцеговина ва Сан-Маринода ҳам матнсиз мадҳиялар мавжуд. Аммо Испаниядаги ҳолат энг ҳайратланарлиси, негаки мамлакат уч аср давомида бу масалада бир қарорга кела олмаяпти.
Япония мадҳияси
Япония мадҳияси дунёдаги энг қисқа мадҳиялардан биридир. Унинг матни Ҳейян даврида, яъни анча вақт олдин ёзилган, ўшанда бу шунчаки мустақил шеър бўлиб, мадҳия матни ҳисобланманган.
Бу матн биринчи бўлиб X-XI асрларда чиққан “Кокин вакасю” тўпламида пайдо бўлган. Мусиқаси эса 1880 йилда бу мамлакатга мадҳия керак деб қарор қилинганда ёзилган. Ўшандан бери қўшиқ ижро этилиб келганлигига қарамай, у фақат 1999 йилда мадҳия сифатида қонун билан тасдиқланган.
Канада мадҳияси
Бу мамлакат мадҳияси дунёдаги энг мунозарали мадҳия ҳисобланади. Кўпгина мамлакатларда мадҳия маҳаллий аҳоли икки ёки ундан ортиқ тилларда ижро этилади. Масалан, Финляндияда улардаги матн маъниси бир хил бўлса-да, у фин ва швед тилларида куйланади. Лекин Канада мадҳиясидаги француз ва инглиз тиллардаги матнлар ўртасида деярли ҳеч қандай умумийлик йўқ.
Инглиз тилида Канадани мағрур ва эркин ҳақиқий шимол давлати деб, француз тилида эса унинг ёрқин гулли камари куйланган. Мамлакат тараққий этиб бораётганлигидан хурсанд инглиз тилидаги матн муаллифлари келажакка аниқ қарашади, француз матни муаллифлари эса ўтмишга боқади ва Канаданинг “эпик тарихи” билан фахрланадилар.
Греция мадҳияси
Мадҳия сифатида юнонлар XIX асрнинг бошларида ёзилган олти юз ўттиз икки қаторли шеърни олдилар. Жуда узун, шундай эмасми? Шеър бор-йўғи йигирма тўрт куплетгача (тўқсон олти мисра) қисқартирилган. Амалда эса озодликни тараннум этувчи дастлабки саккиз мисрасигина куйланади. Тўғри, мадҳиянинг мазмуни бироз чалкашган. Лекин бу чиройли ва лўндагина.
Миср мадҳияси
Сайёҳларни ниҳоятда саросимага тушириб қўядиган Миср давлати мадҳияси «Biladi, Biladi, Biladi» сўзлари билан бошланади. Бу қўшиқ мадҳия эканлигидан бехабар киши беихтиёр ўзига “Ким билади, нимани...” деган савол берса ажабмас. Аслида эса бу сўз араб тилидан “Ватан” деган маънони англатади. Худди шу сўзни БАА мадҳиясида ҳам эшитиш мумкин. Миср мадҳияси 1923 йилда ёзилган бўлса-да, Мисрнинг мураккаб тарихи туфайли расман у 1979 йилда мамлакатнинг асосий қўшиғига айланди.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.